Фаолиятида янги саҳифа ёзишни бошлаган Ўзбек мураббийи!
5 сентябрь куни ЖЧ-2022 саралаш босқичининг иккинчи раундига старт берилди. Минг афсуски, дастлабки турда Ўзбекистон ўзидан кучсиз бўлган Фаластинга ютқазиб, ҳамманинг юзини ерга қаратди. Лекин биз ҳозир бу ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Боиси, терма жамоамизнинг ўйини ва мағлубияти ҳақида етарлича муносабат билдирилди ва танқидлар қилинмоқда. Бу сафар эса эътиборингизни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчимиз. Ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев айни дамда Тожикистон миллий терма жамоасини бошқараётганидан хабардорсиз. Тожиклар эса ЖЧ-2022 саралаш босқичининг иккинчи раундидаги дастлабки учрашувни ўз майдонида Осиё Кубогида кичик сенсация кўрсатган Қирғизистон терма жамоасига қарши ўтказишди. Тошевнинг бундай нуфузли мусобақадаги дебют учрашуви эса муваффақиятли чиққан ҳолда 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан мухлисларни қувонтирди. Бу эса бош мураббийнинг ўзи учун ҳам жуда жиддий қадам эди. Ахир у ерда ҳамюртимизнинг олдига ҳам аниқ ва юқори мақсадлар қўйилгани сир эмас. Шундай экан, ЖЧ-2022 саралашини ғалаба билан бошлаш эса катта аҳамиятга эга. Ахир биз ўзимиздан кучсиз бўлган рақибга ютқазиб, саралашни мағлубият билан бошлаб турган бир пайтимизда Тожикистон Тошев бошқарувида охирги пайтларда катта ўсишга эришаётган ва ҳурмат қозонаётган Қирғизистонни енгиб, олқишларга сазовор бўляпти. Албатта, бу биринчи ўйин ва олдинда яна еттита учрашув кутиб турибди. Тожикистоннинг Қирғизистонга қарши учрашуви тугаганидан кейин бош мураббий билан алоқага чиқдик ҳамда уни муҳим ғалаба билан табриклаган ҳолда ўзаро мулоқот қилдик.
«Бизда ўсиш учун ҳамма нарса бор»
- Табрик учун раҳмат. Ўйинимиз албатта ёмон чиқмади – деб гап бошлади, Усмон Қудратович. - Асосийси, учрашувдан олдин ҳам бош мақсадимиз фақат ғалаба қозониш эди. Ҳар ҳолда бу биринчи ўйин ва ўз майдонимизда ўйнаётгандик. Бизда яна бир нечта голли имкониятларимиз ҳам бор эди. Аммо энди мени имкониятларимиз бор ёки йўқлиги қизиқтирмайди. Ўйинимизда айрим вазиятларда маъно кўринган бўлса, яна айрим паллаларда бунинг акси ҳам кузатилди. Бироқ биз ўйинимизни янада яхшилашимиз керак ва бунинг уддасидан чиқамиз ҳам. Бизга раҳбарият ҳар томонлама ёрдам беряпти, ишимизга ҳеч ким аралашаётгани йўқ. Бизда ўсиш учун ҳамма нарса бор. Хабарингиз бор, бизда кўп ёшлар ўйнашяпти, жамоани янгилаганман. Тошкентда Тожикистон U-23 терма жамоаси мусобақада қатнашганди. Ўша таркибдан 60 фоизи миллий термага ўтган. Футболчиларимизнинг ўзларида ўсиш учун ҳохиш жуда катта. Машғулотларимиз ва тактикаларимиз ҳам уларга ёқяпти. Лекин тушунаман, бизга сира осон бўлмайди. Рақиблар ҳам қараб туришмайди.
Ўзбекистоннинг мағлубиятига ишонмадим»
Афсуски, Тожикистон – Қирғизистон учрашуви билан бир хил вақтда бошланган Фаластин ҳамда Ўзбекистон беллашувида кутилмаганда вакилларимиз мағлубиятга учраб, шармандали натижа қайд этишди. Терма жамоамизнинг мағлубиятга учраганини Усмон Қудратович хазм қила олмаганини яшира олмади.
- Тожикистонда менинг Ўзбекистондан эканлигимни ҳамма билади-ку, шу боис ўйиндан кейин кўпчилик ёнимга келиб, ака терма жамоангиз Фаластинга ютқазиб қўйибди, деса бу гапларга сира ишонмадим. Сизларга бошқатдан қаранглар, адашяпсизлар дедим. Қанақасига Фаластинга 2:0 ҳисобида ютқазишимиз мумкин деб, ҳайрон бўлиб қолдим. Лекин мен ҳам интернетдан қарасам, ростдан шу ҳисоб! Ҳамма менга қўнғироқ қиляпти. Ўзим ҳалигача нималар бўлганига тушунмаяпман. Албатта, учрашувдан сўнг ҳалигача менга қўнғироқ ва смслар орқали табрик йўллашяпти. Аммо Ўзбекистоннинг мағлубияти хаёлимдан чиқмаяпти. Афсуски, бу мағлубиятдан кейин кайфиятим бузилди. Барибир Ўзбекистонга ҳам мухлислик қиламан ва уларнинг ғалабасини кутгандим. Ҳа, футболда ғалаба билан мағлубият бўлади. Муҳими, мураббийлар бу ўйиндан жиддий хулоса чиқаришлари керак. Олдинда албатта ғалабали ўйинлар бўлишига ишонаман.
«Ўзбек футболи орқага кетди деб айта олмайман»
Барибир Ўзбекистоннинг мағлубияти ҳаммамиз учун жуда оғир ботди. Шармандали мағлубиятдан кейин эса табиийки танқидлар кўпайди. Кимдир футболчиларни айбласа, кимдир мураббийнинг истеъфосини талаб қиляпти. Яна кимдир эса чемпионатимиз савияси пастлигини иддао қилмоқдалар. Ёки ўзбек футболи орқага кетяптими? Мазкур масала бўйича тажрибали мутахассисидан очиқ-ойдин фикр билдиришини сўрадик.
- Жуда оғир савол. Мен ўзбек футболи орқага кетди деб айта олмайман. Салкам бир йилдан буён Тожикистонда ишлаяпман ва яшаяпман. Лекин ўйинларимизни кўриб тураман. Чемпионатимизда ҳам интрига ва кескинлик бор. Шу сабабли футболимиз орқага кетди дея олмайман. Албатта, ҳаммада кайфият йўқ, барча танқид қиляпти. Битта мағлубият билан ҳеч нима тўхтаб қолмайди. Олдинда ўйинлар бор ва ғалабали юришларимиз албатта бўлади, насиб қилса. Лекин Фаластинга ютқазиш жуда аламли. Бундан албатта хулоса чиқариш шарт.
«Бу ўйин мен учун катта дарс»
Хуллас, Тожикистон терма жамоаси Усмон Тошев бошчилигидаги дастлабки ўйинни ғалаба билан бошлади ва бу энг муҳими эди. Чунки у ўзбекистонлик бўлгани учун ҳам эндиликда унга ва Тожикистон терма жамоасига бефарқ эмасмиз. Бундай муваффақиятли старт Тошевнинг халқаро майдондаги статусини ошириши ҳам турган гап.
- Шубҳасиз, ғалабалар ёқимли ва бундан хулоса чиқариб, яна кўпроқ ғалабалар бўлишини истаймиз. Мен учун эса бу ўйин катта дарс. Бундай нуфузли мусобақалар ҳеч қачон оддий бўлмайди. Бундай вазиятда босим ва ҳаяжон сезилади. Тепангизда раҳбариятнинг ишончини ҳис қилиб турасиз. Муҳими, биз Тожикистон давлати номидан майдонга чиқяпмиз. Шунинг учун ҳар бир ғалаба бизга қўшимча куч бағишлайди. Ўйлайманки, ҳар бир ўйин ва мусобақа мураббийлар ҳамда футболчилар учун олдинга силжишга ёрдам беради.
«Ҳар бир ўйин мен учун катта саҳна»
Айтиш керакки, бунгача Тошев асосан клубларда ишлаган. Терма жамоада эса илк бор меҳнат қиляпти. Бу борада унинг фаолиятида янги саҳифа очилди ва уни Тошевнинг ўзи ёзишни бошлади. Бемалол айта оламизки, ҳозирги вазият унинг учун фаолиятидаги энг муҳим палла.
- Қаранг-да, биз шунча ўқидик, ишладик, дарс беряпмиз. Футболга тўсатдан кўчадан кириб келганимиз йўқ. Ҳаммасини бошидан, ёшлигимиздан бошлаганмиз. Ҳали яна кўп ўқиб, изланишимиз ва ўрганишимиз керак. Чунки биз ҳали кўп нарсаларни билмаймиз. Биласизми, ҳар бир ўйин мен учун катта саҳна. Шу боис ҳар бир ўйинни, машғулотни кутаман. Ҳеч ким ҳалақит бермаса бемалол ишлай оламиз. Шунинг учун бу ерда шундай шароитлар яратиб берилганки, биров менинг ишимга қўшилмайди, аксинча айтганларимни бажаришиб ёрдам беришади. Лекин бу энди биринчи ўйин, ҳали олдинда ўйинлар кўп ва вазият қандай бўлишини билмаймиз ҳатто. Аммо биз ҳаракат қиламиз. Бундай ўйинлар менга ҳам катта мотивация беради. Тўғриси, мен бахтлиман. Одамлар менга ишонишяпти. Буларни ҳис қилиш жуда ёқимли ва бу сизни янада кучлироқ қилади. Қаерда бўлса ҳам ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз. Биз ўқитувчи, мураббий ва ўргатувчимиз. Шунинг учун доим ўрнак бўлишга интиламиз.
«Тўғриси, 30 фоиз кучимиз билан ўйнадик холос»
Айни пайтда мураббийда шу нарса сезиляптики, бунгача асосан клубларда ишлаб келган Тошевнинг терма жамоада фаолият олиб бориши ўзи учун ҳам бир мунча қулайроқдек таассурот уйғотяпти. Бу вазиятда мураббий шундай жавоб берди?
- Клуб билан терма жамоада ишлашнинг катта фарқи бор. Клубда ишласангиз ҳар куни 20-25 нафар футболчи сизнинг қўл остингизда бўлади. Терма жамоада эса мутлақо бошқача. Сизга ФИФА кунларида фақат тўрт кун вақт беришади. Лекин бир томондан қараганда, сиз фақат энг яхши ўйинчиларни йиғасиз. Шунинг учун қисқа муддат ичида мураббий футболчилар билан қандай тил топиб, муносабат ўрнатиши муҳим масала. Ҳозир терма жамоада шундай вазият: мен қилаётган иш футболчиларга ёқяпти, футболчиларнинг қилаётган ишлари эса менга ёқяпти. Бироқ биз ўсишимиз учун жуда кўп ишлашимиз лозим. Сизга бир гапни айтайми? Биз Қирғизистон билан учрашувда фақатгина 30 фоиз кучимиз билан ўйнадик холос. Ўйинчиларимизнинг бир-бирини тўлақонли тушуниб ўйнашлари учун кўп ўйинлар керак бўлади. Терма жамоада эса доим қисқа фурсатлар ичида ҳаммасини жой-жойига қўйиб олиш лозим бўлади. Худога шукр, нолимайман, биз буларни аста-секин йўлга қўйиб оляпмиз. Лекин менга қаерда ишлашнинг фарқи йўқ, у ерда ҳам, бу ерда ҳам фақат футбол!
«Раҳбарият жамоани жуда яхши рағбатлантиряпти»
Тожикистон учун ҳам ҳозир жуда муҳим. Боиси жаҳон чемпионати саралашини имкон қадар муваффақиятли ўтказиш бош мақсадга айланган. Шу маънода, футбол раҳбарлари ва мамлакат ҳукумати ҳам футболга бефарқ эмас, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашяпти. Шунингдек, жамоани ҳам етарлича рағбатлантириб келаётгани ҳам табиий. Бу вазият бўйича ўзбекистонлик мутахассиснинг фикрлари шундай бўлди:
- Раҳбарият билан орамиз жуда яқин. Улар катта лавозимларда ишлашаётган бўлишса-да, ниҳоятда оддий инсонлар. Улар билан ўтириб, маслаҳатлашиб гаплашсангиз катта лавозимда ишлайди деб ҳам ўйламайсиз. Рағбатлантириш ҳам жуди яхши, улар айтган нарсаларини бажаришяпти. Бизда ишлар тўғри йўлга қўйилган. Рағбатлантириш футболчиларга ҳам ёқяпти. Бу борада бизда баланс бор.
Фикрлар