Фаолиятини қачон тугатиши, илк голини кимга бағишлагани ёхуд Марат Бикмаев Секейранинг бошқалардан фарқи ҳақида нима дейди?

“Локомотив” клубининг тажрибали ҳужумчиларидан бири Марат Бикмаев ниҳоят, жорий йилги Суперлигада дастлабки голини киритди.

У “Андижон”га қарши учрашувда захирадан майдонга тушиб жамоаси учун жуда муҳим гол муаллифига айланди. Ўйиндан кейин у sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Марат, қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Захирадан майдонга тушиб ўйинни ўзгартирган ҳолда ғалаба голини урдингиз. Қандай таассурот қолди?

- “Андижон” билан кубок мусобақасида ўйнаганимизда ҳам қийин бўлганди. “Андижон” ўз мухлислари қаршисида 100 фоиз борини бериб ўйнашга ҳаракат қилади. Бугунги учрашувга тўхталсам, бошида, аниқроғи 10-15 дақиқа ўйинимиз чиқмади. Балки майдонга мослашгунимизча шундай бўлгандир. Тушунмай қолдик ва бу орада гол ўтказдик. Кейин ўзимизга келдик ва ўйинни назорат қилишни бошладик. Биз бир оиламиз. Ҳаммамиз майдонда битта ишни бажарамиз. Захирадан майдонга тушиб мен гол ураманми ёки бошқасими, муҳими жамоага фойда келтирсак бўлди. Ҳамма ҳаракат қиляпти. Киритган голим биргина ўзимники эмас, бунинг учун бутун жамоа меҳнат қилди. Қўшимча қиламан: бугун дадамнинг туғилган куни. Бу голимни дадамга бағишлайман.

бикмаев1_1

- Чемпионатдаги илк голингизни урдингиз. Негадир Секейранинг асосий таркибидан жой олиш қийин кечяпти. Бу нима билан боғлиқ ёки 35 ёшда эканингиз ўз таъсирини ўтказяптими?

- Гап бунда эмас. Ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Шу ойда бироз касал бўлиб қолдим. Таркибга қайтиш учун ўзимни исботлашим керак эди. Нима десам экан, менда муаммолар бўлди. Аммо мана шундай тарзда жамоага фойда келтирсам мураббийга фарқи йўқ, майдонга тушираверади. Шундай экан, юқорида айтганимдек, барчаси ўзимга боғлиқ.

- Ўзбек мураббийларида кўрмаган қайси жиҳатни португалиялик мутахассисда кўряпсиз?

- Ҳа, у яхши мураббий. Тўғрисини айтсам, ўзбек футболига мослашяпти. Вазиятни кўряпти ва ўрганяпти. Ҳозир айтдим-ку, барчамиз битта оиламиз. Уни бошқалардан ажралиб турган жиҳати нима? У европалик, талабчан.

бикмаев3_1

- Секейра “Локомотив”нинг мақсади чемпионлик экани ҳақида гапирди. Вазиятга реал қараганда, бунга қанчалик ишонасиз?

- Ҳа, мақсад чемпионлик. Охиригача ҳаракат қиламиз. Ҳеч нимага қарамасдан биз фақат курашамиз. Жамоамиз яхши. Ёшлар ва ёши катта футболчилар яхши тил топишган. Мақсад сари ҳаракат қилса бўлади.

- Ёшингиз 35 далигини ҳисобга олганда, фаолиятингизни яна қанча вақт давом эттирмоқчисиз?

- Бу ҳақида ўйлаганим йўқ. Бундай савол берманг! Кўрамиз.

- Умуман олганда, бу мавсумдан нима кутяпсиз?

- Нимани кутяпман? Энг муҳими жароҳатларсиз ўтказишни. Жароҳат – бу ёмон нарса.

бикмаев2_2

- Чемпионатимизда яхши ҳужумчилар камайиб кетяпти, деган фикрларга қўшиласизми?

- Бизда ҳужумчилар бор, кам эмас. Мисол учун Темурхўжа Абдуҳолиқов. Уни терма жамоамизда асосий футболчилардан бири сифатида кўряпман. Элдор Шомуродов билан яхши тандем бўла олади. Яна нима дейишим мумкин? Ўзини кўрсатаётганлардан Шохруз Норхонов ҳам бор. Хуллас, бизда ҳужумчилар бор, қидириш керак.

- Яқинда миллий терма жамоамизни Саудия Арабистонида жаҳон чемпионати иккинчи саралаш босқичининг сўнгги ҳал қилувчи ўйинлари кутиб турибди. Термамизда тўп сурган футболчи сифатида имкониятимизни қандай баҳолаяпсиз?

- Имконият бор, ҳар доим бўлган. Саудияни нимасидан қўрқамиз? Улар ҳам оддий инсонлар. Фақат жон дилидан, юракдан чиқариб ўйнаш керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!