Фарғонада таниқли полвон Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишлаб Халқаро турнир ўтказилди
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек Россия Федерацияси, Тожикистон ва Қирғизистондан жами 468 нафар полвон иштирок этди.
Кеча Фарғонадаги кўп тармоқли “Само” спорт мажмуасида Туризм ва спорт вазирлиги, Фарғона вилояти хокимлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлар кенгаши ҳамда бир қатор спорт федерациялари билан ҳамкорликда Ўзбек миллий ўйинларининг фаол тарғиботчиси, таниқли полвон Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишлаб уч авлод вакиллари ўртасида тош кўтариш ва баҳодирлар ўйинлари бўйича очиқ халқаро турнир ташкил этилди.
Халқаро турнирнинг очилиш маросимида республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган тош кўтариш билан танилган 76 нафар фахрий полвонлар, 152 нафар спорт фахрийлари иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Хуршид Аҳмедов, Ўзбекистон этноспорт ассотсияси раиси Ойбек Норинбоэв, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бошқалар сўзга чиқишди. Шу ерда республикамиздаги полвон ва дорбозлар гуруҳларида фаолият кўрсатган фахрий 35 нафар полвонга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ва гувоҳномалар топширилди.
Халқаро турнир 3та гуруҳда ташкил этилди. Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш мусобақаси қатнашчилари катта вазндаги юклар, машиналарни кўтариш ва тортиш, дорбозлар гуруҳларининг ўзбек полвонлари ўртасида ёш тоифаси бўйича тош кўтариш, найза отиш, камондан отиш мусобақалари шулар жумласидан.
Найза отиш, камондан отиш бўйича жамоавий мусобақаларда 1-ўрин Фарғона вилояти, 2-ўрин Наманган вилояти ва 3-ўрин Андижон вилояти жамоасига насиб этди.
Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича катталар ўртасида ўтказилган мусобақаларда Сурхондарё вилояти вакили Дилмурод Қурбонов энг яхши натижа қайд этган бўлса, Тошкент шаҳри вакили Аваз Ҳайдаров 2-ўринни қўлга киритди. 3-ўринга бирйўла икки спортчи – Тошкент вилоятидан Беҳзод Худойқулов ҳамда андижонлик Отабек Асқаровлар лойиқ кўрилди.
17 тонналик “МАН” юк автомобини 15 метр масофага торта олган Сурхондарё вилоятидан келган полвон Дилмурод Қурбонов мухлислар олқишига сазовор бўлди.
Халқаро турнир 8та йўналишда ўтказилиб, ғолиблар медаль, диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати
Фикрлар