Фахриддин Алимов: Мақсадим – Про лигада тўпурар бўлиш ва «Динамо» билан Суперлигага чиқиш

Про лига 1-тури доирасидаги «Динамо» - «Янгиер» (2:1) учрашуви қаҳрамонларидан бири Фахриддин Алимов ўйиндан кейин журналистлар саволларига жавоб қайтараркан, самарқандлик ҳужумчи бу йилги мақсадлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда самарқандликлар матбуот хизмати хабар берди.

- Авваламбор, табрик учун барчага раҳмат. Мавсумнинг очилиш баҳси бўлгани учун учрашув бошида ўз ўйинимизни кўрсата олмадик. Иккинчи таймда эса бош мураббийиимиз кўрсатмаларини имконқадар тўғри бажариб, самарқандлик мухлислар учун ҳам ўйнаб, уч очкони қўлга киритдик. Ғалаба билан барча ишқибозларни табриклайман.

- Омадли дебют билан табриклаймиз. Захирадан майдонга тушиб, ҳужумкорликни оширдингиз, ўйинда бурилиш ясай олдингиз. Айтингчи, ўйинга тушмасдан аввал бош мураббий айнан сизга қандай кўрсатмалар берганди?

- Бу сир бўлиб қолса яхши бўларди. Ҳаким Қаюмович маълум бир кўрсатмаларни бериб, ҳужумкорликни оширишим кераклигини сўраганди. Қўлдан келганча бажардим.

- Ўз олдингизга қандай мақсадлар қўйгансиз?

- Мақсадимиз фақат – Суперлигага чиқиш. Шу йўлда боримизни беришга тайёрмиз. Бу биз учун ҳам яхши имконият. Шахсий мақсадим ҳақида гапирсам, бу мавсумда Про лигада тўпурар бўлишни ўз олдимга вазифа қилиб қўйганман.

- Бугун Темур Усмонов билан яхши тандем бўла олдингиз. Сизга ҳужумда ўйнаш қулайми ёки ҳужумчи ортида?

- Мураббийимиз қайси чизиқда ўйнатса, ўша ерда ўйнашга тайёрман. Энг асосийси, жамоамга фойдам тегса бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, мени ҳозирги даражага етишимда сабаб бўлган, ўтган мавсумда «Шўртан»да менга ўйин амалиёти берган Асрор ака Алиқуловга миннатдорчилик билдираман. Уларнинг хизматлари кўпроқ ва уларга раҳмат айтиб қоламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!