Файзуллаев жамоага ғалаба келтириш қандай бўлишини кўрсатиб қўйди!

Россия кубоги мусобақасининг гуруҳ босчиқи тўртинчи турида ЦСКА футболчилари ўз майдонида пешқадам “Краснодар” билан куч синашди.

Кучли рақибга қарши ўйин “армиячилар” учун анча қийин кечди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун тўп тепгани учрашувнинг муросасиз кечишини таъминлади.

Олдинга ўтиб айтиш жоизки, бу баҳсда Аббосбек Файзуллаев жамоанинг олдинги чизиқдаги муваффақиятли ўйини кўпроқ унга боғлиқ эканини яна бир карра исботлади.

Мезбонлар рақиб ҳимоячини ёриб ўтиш ва дарвозага йўл топиш учун ярим соатдан кўп вақт сарфлади. Бу ҳам легионеримиз иштирокисиз бўлмади. Аббосбек Файзуллаевнинг ўз вақтида узатилган ажойиб пасидан сербиялик Милан Гайич унумли фойдаланиб, 32-дақиқада ҳисобни очди.

Қолган дақиқаларда “Краснодар” мағлубиятдан қутилиб қолишга, ЦСКа эса, ҳисобдаги фарқни йириклаштириб, ишни хотиржам охирига етказиб қўйишга ҳаракат қилди.

Ўйиннинг иккинчи ярмида яна катта саҳнага Аббосбек Файзуллаев чиқди. 20 ёшли футболчимиз бу гал бир пас билан Матвей Кислякни гол урадиган позицияга олиб чиқди ва иқтидорли ёш ўйинчи рақиб дарвозабонини ожиз қолдир.

Таъкидлаш жоизки, кейинги пайтда ўйинидаги пасайиш туфайли танқидларга нишон бўлаётган ленионеримиз бу беллашувда яна юқори спорт формасига қайтаётганини кўрсатди. Айнан Аббоснинг олдинги чизиқдаги самарали ўйини ЦСКАнинг кучли рақиб устидан ғалабасини таъминлади.

“Краснодар”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган “армиячилар” мамлакат кубогининг гуруҳ босқичидаги очколари сонини 8 тага етказиб олди. Ҳозирча, ЦСКА “С” квартетида пешқадамлик қилаётган “Краснодар”дан бир очкога ортда қолмоқда.

Бунгача кетма-кет учта учрашувни ўз фойдасига ҳал қилиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб келган краснодарликлар Аббосбек Файзуллаевнинг пасларидан кейин бир беллашувда илк марта  иккита гол ўтказиб юборди.

Ушбу гуруҳда “Нижний Новгород” ва “Ахмат” клублари ҳам иштирок этмоқда. “Армиячилар”ни олдинда бу рақиблар билан бўладиган тўқнашувлар кутиб турибди. Марко Николич шогирдлари 1 октябрь куни “Нижний Новгород” меҳмони бўлади. Гуруҳдаги охирги учрашувини 22 октябрь куни ўз майдонида “Ахмат”га қарши ўтказади.

Аббосбек Файзуллаев Россия кубогининг янги мавсумида учинчи ўйинини ўтказиб, голли пасларини сонини учтага етказиб олди.

20 яшли ярим ҳимоячимиз Премьер-лигада олтита ўйинда битта ассист муаллифи бўлган.

ЦСКА чемпионатдаги навбатдаги баҳсини 21 сентябрь куни Қозон шаҳрида “Рубин”га қарши ўтказади. Тўққизинчи турнинг марказий учрашувларидан бири ҳисобланган бу ўйинда Аббосбек Файзуллаев майдонда Рустамжон Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиевга рўбарў келиши кутилмоқда.

Машҳур мураббий Шомуродовга эмас, Роналдуга устозлик қиладиган бўлди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!