Февзи Давлетов: "Футболчиларга атайин вақтни чўзиш ҳақида топшириқ бермаганмиз"

“Андижон” – “Сурхон” (2:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Февзи Давлетов саволларга жавоб қайтарди.

- Февзи Ризаевич, ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин қандай таассурот қолдирди?

- Жанговар ўйин бўлди. Бугунги чиройли оқшомда ажойиб баҳс гувоҳига айландик. Об-ҳаво ҳам футбол ўйнаш учун жуда мос эди. Биз бу учрашув учун жуда кўп куч сарфладик. Бошида 10-15 дақиқа давомида ўйинга унчалик киришиб кета олмадик. Майдонга мослашиш бироз қийин кечди. Кейинчалик хавфли вазиятларни ярата бошладик. Рақиб дарвозаси олдида голли имкониятларга эга бўлдик. Иккинчи таймда ҳам яхши ҳаракат қилдик. Асосий мақсадимиз ғалаба қозониш эди. 0:2 дан кейин озгина бўшашдик. Қарши ҳужумларга эътибор қаратдик. Ўйинчиларимга ҳеч қачон бўшашмасликни таъкидлагандим. Чунки рақибнинг стандартлари хавфли бўлишини алоҳида айтгандим. Иккита гол ўтказганимизга қарамасдан ғалаба голини ура олдик ва бунинг учун футболчиларга катта раҳмат. Жуда муҳим ғалабага эришдик. Бизни қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларимизга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Биз бу ўйинда ғалабага лойиқ эдик.

- Учинчи голни урганАбдуғофур Ҳайдаровнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?

- Унинг ўйини “очилиб” боряпти. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. Яхши меҳнат қилишда давом этса янада фаоллашиб бораверади.

- Журналист ўзининг телеграм каналида “Андижон” ҳисобни тенглаштиргач, “Андижон” тайм” бошлангани ҳақида ёзди. Тўғриси, “Бобур арена”да “Барселона” ёки “Ал-Ҳилол” келиб ўйнаса ҳам жуда қийналади. Лекин “Сурхон” бундай кучли босимга қарамасдан учинчи голни уришга муваффақ бўлди. Ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилди?

- Тўғри, биз 2:0 гача яхши ўйнаётгандик. Кейин ҳимояга эътибор қаратдик. Рақибимиз жиддий қаршилик кўрсатди ва иккита гол уришди. Шунга қарамай, яна ҳужумга ўтдик ва учинчи голни уриб, ютиб кетдик. Албатта, бугун бизга анча қийин бўлди. “Андижон” яхши тайёргарлик кўрганини ва кучли эканлигини билардик. Қанотлардан яхши ҳужумлар ташкил қилишини ҳам яхши билиб тургандик.

- Августнинг охирида бу стадионга яна “Сурхон” келади ва Ўзбекистон Кубоги ярим финалида тўқнашасизлар. Бу ўйин эса “Сурхон” учун 3-5 баробар янада қийин бўлади. “Андижон” сўзсиз реванш олиш учун майдонга тушади. Бунга нима дейсиз?

- Ҳозир бир нарса дея олмайман. Бу бутунлай бошқача руҳиятда ўтади ва бошқача тайёргарлик билан майдонга тушамиз. Биз ҳам, “Андижон” ҳам ўзгача ҳолатда тайёргарлик кўради. Ярим финал жуда қизиқарли ўтади. Майдон чими бироз сифатсиз бўлиб қолибди, аммо яхши футбол кўрамиз, деб ўйлайман. Бундай майдонда биз тўлиқ ўз ўйинимизни кўрсата олмадик.

- “Сурхон” ҳисобда олдинда бораётган пайтда футболчилар кўп бор тўхталишларга қўл урдилар. Бу сиз томонингиздан берилган кўрсатмамиди? Буни нормал деб ҳисоблайсизми?

- Буни майдон билан боғлаган бўлардим. Чунки майдон ҳолати оғир эди.

- Сиз ўйин чўзишни нормал ҳолат деб ўйлайсизми?

- Йўқ, мен ўйин чўзилишини нормал деб ҳисобламайман. Вақтни чўзиш нима учун? Ҳар доим айтаман: хуштак чалингунича ўйнашимиз керак. Ҳисобни ушлаб қолиш учун вақтни чўзиш борасида бизда ҳеч қандай гап бўлмаган. Бир қатор вазиятлар бўлди. Лекин биз футболчиларга атайин вақтни чўзиш ҳақида топшириқ бермаганмиз. Дарвозабонимизда бармоқларида оғриқ бор эди. Унга нима учун сариқ карточка кўрсатилганига тушунмадим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!