ФИФА тасдиқлади: Африканинг энг яхши ҳаками Жаҳон чемпионатида иштирок этмайди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Сомалилик ҳакам Омар Артанга АҚШга кириш тақиқланди. Шу боис у 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати учрашувларини бошқаролмайди. ФИФА қабул қилувчи мамлакат визалар бўйича қарорларни мустақил қабул қилишини тасдиқлади. 

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) маълум қилишича, сомалилик рефери Омар Артанга АҚШга кириш рад этилганидан сўнг, у 2026 йилги жаҳон чемпионатида ҳакам сифатида ишлай олмайди. Бу ҳақда аввалроқ Daily Somalia нашри Сомали Футбол федерацияси (SFF)га таяниб хабар берган эди. Нашр маълумотига кўра, Артан АҚШга дипломатик паспорт билан учиб келган, аммо Майами халқаро аэропортига қўнганидан сўнг унга мамлакатга киришга рухсат берилмаган. Сабаблар тушунтирилмаган, ҳакам эса кейинги рейс билан Истанбулга юборилган. ФИФА вакили Sky Sports нашрига берган изоҳида вазиятни қуйидагича шарҳлади: «ФИФА тасдиқлайдики, ҳакам Омар Артан АҚШга кириши рад этилганидан сўнг 2026 йилги жаҳон чемпионатида машғулот ўташ ва учрашувларни бошқариш имкониятидан маҳрум бўлди. ФИФА қабул қилувчи мамлакатнинг миграция жараёнларига, жумладан, виза бериш тўғрисидаги қарорларга аралашмайди. Маҳаллий ҳокимиятлар бизга Артан жанобининг мақоми ҳозирча ўзгармаслигини маълум қилди. Илгариги ФИФА мусобақаларида бўлгани каби, якуний қарор – кимга виза берилиши ва ким мамлакат ҳудудига кириши – қабул қилувчи давлат ҳукуматининг ўзига тегишли», – деди ташкилот вакили. 

 

Омар Артан Сомалидан жаҳон чемпионати финал босқичи учун ҳакамлар рўйхатига киритилган илк рефери ҳисобланади. У 2025 йилда Африка футбол конфедерацияси (CAF) талқинига кўра қитъанинг энг яхши ҳаками деб эътироф этилган. Сомали фуқаролари АҚШ визаси олишда чекловлар қўлланиладиган мамлакатлар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга дипломатлар ва АҚШ манфаатларига мос айрим сафар тоифалари учун истиснолар назарда тутилган. 2026 йилги жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирокида ўтади. Мусобақа уч давлат – АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ташкил этилади. Турнир 11 июндан 19 июлгача давом этиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!