ФИФА томонидан қўйилган тақиқ

“Андижон” клуби собиқ дарвозабон Виталий Мирний олдидаги қарздорликни ўз вақтида бажармагани учун ФИФАнинг тартиб-интизом қўмитаси жамоага нисбатан жазо қўллади. Унга кўра, кейинги учта трансфер ойнаси пайтида “Андижон”га янги футболчиларни таркибга қўшиб олишни тақиқлаб қўйди.

Шундоқ ҳам айни пайтда таркиб масаласида муаммолар гирдобида қолган жамоа учун бу яна бир “зарба” бўлди. Ҳозир Бахтиёр Ҳамидуллаев бош мураббийлигидаги жамоа Суперлигада қолиш учун курашмоқда ва уларни олдинда “Сурхон”га қарши ўта муҳим учрашув кутиб турибди.

ФИФАнинг чиқарган қарори жамоа аъзоларига муҳим ўйин олдидан қанчалик таъсир кўрсатмоқда? Қолаверса, клуб ушбу муаммони энди қандай ҳал қилмоқчи?

Бош мураббий sports.uz сайтига шундай деди:

- Бу хабар жамоамизга таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман. Биз фақат олдимиздаги муҳим ўйин тўғрисида ўйлаяпмиз. Бундай ишлар билан шуғулланадиганлар бор. Лекин бу энди янгилик ҳам эмас. Негаки, бунга ўхшаш хабарлар кўп бўляпти. Барибир бу жамоамиздаги ички муҳитга асло таъсир қилмайди. Режамиз бўйича “Сурхон” билан учрашувга тайёргарлик кўрдик. Биз Термизга жиддий ўйин учун кетяпмиз. У ерда ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Мирний масаласи бўйича раҳбарият бу кимнинг айби билан бўлганлигини муҳокама қилиши ва муаммо ҳал этилиши лозим. Бунга ким сабабчи? Вазият шундай бўлишига сабабчи бўлганлар жавоб бериши керак, деб ўйлайман. Аммо айтишим керакки, клуб раҳбарияти зиммасига олган қарздорликларни тўлаб бўлди. Жамоамизда чинакамига футбол муҳити яратилди, - деди Ҳамидуллаев.

Тез орада “Андижон” клубининг собиқ дарвозабони Виталий Мирний билан ушбу масала бўйича уюштирилган суҳбатни sports.uz сайтида ўқишингиз мумкин.  

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)