"Финалда урган голим фаолиятимдаги энг муҳими" ёхуд легионерга айланишни истаётган Ғолиб Ғайбуллаев кейинги йилни қаерда ўтказиши аниқ
Самарқанддаги Ўзбекистон кубоги финали орқали юртимизда 2021 йилги футбол мавсуми расман ниҳоясига етди. Чемпионатда медалсиз қолиб кетган “Насаф” клуби ўзи учун охирги имконият бўлиб қолган Ўзбекистон кубоги финалида ютишга мажбур эди.
Амалдаги чемпион “Пахтакор” ҳам яна бир бор кубокни ўзи билан олиб кетиш ниятида келгани аниқ эди. Ўйиннинг бориши шундай кечдики, айниқса, “Насаф” футболчиси Ойбек Бозоровнинг майдондан четлатилиши ва бу пайтга келиб қаршиликлар 0:1 ҳисобида ютқазаётгани туфайли уларнинг майдондаги вазифаси икки-уч баробарга қийинлашиб кетди.
Мана шундай оғир паллада чинакамига матонат ва иродасини кўрсатган “Насаф” футболчиларига қойил қолса арзийди. Танаффусга қадар ҳисобни тенглаштиришди. Иккинчи бўлимда эса “Насаф” ҳимоячиси Ғолиб Ғайбуллаев бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди.
Шу тариқа, “аждарлар” ўта муҳим ўйинда ўта муҳим ғалабани қўлга киритиб, кубокни боши узра кўтарди. Мазкур учрашувда иккинчи гол муаллифи бўлган Ғолиб Ғайбуллаев ўйиннинг энг яхши футболчисига айланди. Ушбу истеъдод эгаси финалдаги таассуротлар, урган голи ва янги режалари борасида Sports.uz сайтига ўзининг қарашларини гапирди.
Финал ҳақида
- “Пахтакор” яхши жамоа. Бу ўйинни олдиндан қийин бўлишини билардик. Ҳа, майдонда бир киши кам бўлиб қолдик. Лекин биз бундан олдинги баҳсларда ҳам 10 киши бўлиб қолган ҳолда ўйнагандик. Шунинг учун бу сафар ҳам майдонда камчилик бўлиб қолганимизга қарамай, қўлимиздан келганича ирода кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бу ўйин бизга Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишимиз учун охирги имкониятимиз эканини билардик. Буни ҳаммамиз яхши тушунган ҳолда ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик.
Ойбек Бозоровнинг четлатилиши тўғрисида
- Албатта, бу жамоамиз учун катта йўқотиш бўлди. Чунки Ойбек Бозоров бизнинг энг керакли футболчимиз ҳисобланади. Шунга қарамай, жамоадошларим билан келишиб олдик ва унинг йўқлигини сездирмаслик учун ҳам қўлимиздан келганича курашдик. Мақсадимиз фақат ғалаба эди ва бу йўлда охиригача ҳаракат қилдик. Якун эса биз учун яхши бўлди.
Гол урган вазияти хусусида
- Албатта, бу жуда ҳам ёқимли туйғу. Буни сўз билан ифодалаш қийин, деб ўйлайман. Асосийси, жамоамга фойда келтирганим муҳим. “Пахтакор” дарвозасига урган голим фаолиятимдаги энг муҳими бўлди.
Финаллардаги мағлубият ва охирги имконият
- Финалларда ютқазиш ҳар доим оғир бўлади. Бу сафаргиси эса охирги имкониятимиз эди. Боя айтдим, вазиятни жамоамиздаги ҳамма жуда яхши ҳис қилиб турганди. Бу каби ўйинларда ҳамма ўзини-ўзи тайёрлаши керак эди. Албатта, мураббийимиз Рўзиқул Бердиевнинг ҳам катта ёрдами бўлди. Финалга чиққанимиздан бошлаб, жамоамизни руҳий томондан тайёрлаб келди. Босимни эса қўлдан келганича енгиб ўтдик, деб ўйлайман.
Ғайбуллаев “Насаф”да қоладими ёки легионерга айланмоқчими?
- Кейинги режаларим аниқ. “Насаф” жамоаси билан яна бир йиллик шартномам бор. Агар имкони бўлса, четда легионер бўлиб футбол ўйнашни жуда хоҳлардим. Шу боис, хорижда ўзимни синаб кўриш мақсадим ҳам бор. Лекин келаси йили “Насаф”да аниқ қоламан.
Жамоа Осиё Чемпионлар лигасига тайёрми?
- Ҳа, бу йилги мавсумни таҳлил қилсак, жамоа сифатида ҳар бир ўйинчи анчагина ўсишга эришди, деб ҳисоблайман. Тўғри, ҳозир ҳамма футболчиларимиз Осиё Чемпионлар лигасига тайёр. Бизга кераклиги эса захира. Захирамиз камлиги сабабли, совринли ўринларни қўлдан бой бердик, деб ҳисобласак бўлади.
Мавсумнинг энг яхшилари кимлар?
- Бутун мавсум биз учун ёмон ўтмади. Ҳар холда охирги имкониятимиздан фойдалана олдик ва кубокни қўлга киритдик. Бу бизга кўп нарсалар беради, деган умиддаман. Осиё Чемпионлар лигаси саралашида иштирок этамиз. Қолаверса, бу ғалаба ўзимиз учун ҳам керак эди. Энди энг яхшиларига келсак, очиғи, бу ҳақида гапириш ниятим йўқ. Буни мутахассислар ҳал қилишсин. Мен кимнидир ажратиб кўрсатишни хоҳламайман.
Фикрлар
Nasaf chempionlik muborak!
O'zbekistonda futbolda chempionlik Paxtakordan ham boshqa jamoaga yarashadi!
Olg'a Nasaf!