Фирдавс Ҳасанов: "UFCда жанг қилиш учун ҳаракатлар бошланган. Мақсадим сари оз қолди"
Ўзбекистонлик ММА жангчиси Фирдавс Ҳасанов АҚШда фаолият юритишини ва маҳаллий промоушенларда октагонга кўтарилиши ҳақида маълумотга эгасиз.
Куни кеча, Ҳасанов Мичиган шаҳрида “Clip Combat” промоушенида жанг қилди ва америкалик Крис Жонсон устидан яққол доминантлик қилган ҳолда, ғалаба қозонганди. Шу тариқа у профессионал рекордини 9-4 кўринишга олиб келди. Айнан ушбу жангига оид расмларни таниқли менежер Али Абделазиз ўз ижтимоий тармоқларига жойлаган эди. Албатта, ушбу менежерни эътирофига тушиш кўпинча хайрли якунланган. Яъни, UFC билан шартнома имзолаш имконияти юзага келиши мумкин.
Биз ушбу воқеликлар юзасидан Фирдавс билан боғланиб, унинг фикрларига қизиқдик.
- Исталган жангчи жаҳоннинг энг нуфузли промоушенида жанг қилишни хоҳлайди. Албатта, UFCга ҳаракатларни бошлаб юборганмиз. Катта эҳтимол билан яна битта жанг ўтказганимдан кейин UFCга қўшилишим амлга ошар. Шунингдек, заҳира жангчиси сифатида бу иш аввалроқ ҳам юзага келиши мумкин. Қисқа қилиб айтганда, мақсадимга эришиш учун оз қолди.
Маълумот учун, Фирдавс Ҳасанов ўта енгил вазн (61,2 кг) тоифасида фаолият олиб боради.
Фикрлар