Фозил Мусаев қачон сафга қайтиши, мундиалда Аргентинага мухлислик қилиши ва бошқалар ҳақида
Ads

Япония Жей лигаси иштирокчиси – “Жубило Ивата” жамоаси сафида ҳамюртимиз Фозил Мусаев фаолият олиб бораётганини яхши билсангиз керак. У ерда маҳаллий мухлисларнинг меҳрини қозона олган футболчимиз терма жамоамиз учун ҳам керакли ижрочилардан бири ҳисобланишини айтиб ўтиш жоиз. Лекин футболда жароҳатлар кўп учрайди. Бу эса доим кўнгилни хира қилиб келади. Гап шундаки, Фозил Мусаев ҳам жароҳатланганлар қаторига тушиб қолди. Унинг “Жубило Ивата”даги фаолияти бир меъёрда давом этаётганди. Аммо кутилмаган жароҳат уни сафдан чиқарди. Март ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Марокашга қарши ўтказган ўртоқлик учрашувида Мусаев жароҳат олди. Шифокорларнинг ташхисига кўра унинг жароҳати бироз жиддий бўлиб чиқди. Шу боис Фозил маълум вақт даволанишига тўғри келмоқда. Албатта, унинг жароҳатга йўлиқиши мухлисларни хафа қилди. Уларни қизиқтираётгани шуки, футболчи қачон майдонга қайтади? Ҳозирда эса муолажалар давом этмоқда. Айтиш мумкинки, Мусаев Японияда шифокорларнинг назоратида бўлиб турибди. Биз эса унинг соғлигидан хабар олиш мақсадида ўзи билан алоқада бўлиб турибмиз. Хўш, унинг даволаниши жараёни қандай кетмоқда?

- Ҳаммаси шифокорларнинг назоратида, - дейди футболчи. – Шунингдек, физиотерапевт мураббий ҳам мен билан алоҳида ишламоқда. Айнан шифокор ва мураббийнинг кўрсатмалари бўйича машғулот ҳамда даволаниш курсларини олиб боряпман. Тўғриси, қачон майдонга қайтишимни ҳали билмайман. Менимча, бунга яна анча бор. 

Фозилнинг клубида ўз ўрни бор. Ахир у бежизга асосий таркиб ўйинчиси эмасди. Шундай экан, Мусаевнинг жароҳат олиб сафдан чиқиши “Жубило Ивата” учун ҳам катта йўқотиш бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Унинг жароҳати жамоасидаги кейинги фаолиятига таъсир кўрсатмасмикин? Ўзидан шу ҳақида сўраганимизда шундай деди:

- Менинг жароҳат олганим “Жубило Ивата”даги фаолиятимга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Худо хоҳласа, бу борада ҳаммаси жойида. Айни пайтда жамоамдагилар мени тўлиқ қўллаб-қувватлашяпти. Уларнинг кўмагини ҳис қиляпман. Клубдагиларнинг барчаси мени тезроқ даволаниб сафга қайтишим учун ҳамма нарсани қилишяпти. Бунинг учун улардан миннатдорман. 

Кўриб турганингиздек, “Жубило Ивата” футболчини тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти. Бу эса албатта ҳар қандай ўйинчига руҳий томондан кўмак бериб туради. Аммо футболчининг бу жароҳати ўз жамоаси иштирокидаги ўйинда юз бермаганини билсангиз керак. Миллий терма жамоамиз баҳорда Марокашга қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида Фозил Мусаев асосий таркибда майдонга туширилганди. Бироқ ўша ўйинда у жароҳат олди. Қизиғи шундаки, бу ўйин ФИФА кунида ўтказилганди. Қоидага кўра агар ФИФА кунида ўтказиладиган ўртоқлик учрашувида бирор-бир легионер ўйинчи ўз терма жамоаси таркибида жароҳат оладиган бўлса, ФИФА унинг клубига компенсация пулини тўлаб бериши керак бўлади. Мусаев эса “Жубило Ивата”дан Ўзбекистон терма жамоасига ФИФА кунида халқаро даражадаги ўртоқлик учрашувида иштирок этиш учун таклиф этилганди. Яқинда ФИФА “Жубило Ивата”га компенсация пулини тўлаб бериши ҳақида хабар чиққанди. Хўш, чиндан ҳам Мусаевнинг жароҳати туфайли футболнинг бош ташкилоти Япония клубига маълум миқдорда пул ўтказиб бердими? Мусаевдан айнан шу ҳақида ҳам сўрадик.

- Ҳозирча ФИФА клубимга пул тўлагани йўқ. Адашмасам, барча харажатларни жамоам тўлади. Лекин энди эшитишимга қараганда, ўша сарф-харажатларни ФИФА жамоамга тўлаб берса керак. 

Айни пайтда Япония чемпионатида 18 июлга қадар танаффус эълон қилинган. Маҳаллий мухлислар эса Фозил Мусаевга бефарқ эмаслар ва унинг сафга қайтишини интиқлик билан кутишмоқда. Айниқса, легиноер сифатида ҳам ҳамюртимизни ҳурмат қилишади. Жамоага эса айнан унинг етишмаётганини таъкидламоқдалар.

- Ҳа, маҳаллий мухлислар мени қўллаб-қувватлашяпти. Жамоамдагилар сингари ишқибозлар ҳам менинг тезроқ сафга қайтишимни кутишяпти. Ҳозирча “Жубило Ивата”нинг қайд этаётган натижалари ёмон эмас. Ҳали олдинда ўйинлар кўп. 

Футболчимиз ҳозирда айни ўйнайдиган ёшда. Қолаверса, бунгача у ўз жамоасининг муҳим ўйинчиларидан бирига айланиб улгурганди. Лекин жароҳат олиб анча вақтга сафдан чиққани ўзига қанчалик таъсир кўрсатяпти? Роса ўйнайдиган пайтида бундай ҳолатга тушиб қолиши натижасида ниманидир йўқотаётган ҳис қилиши ҳам мумкин.

- Йўқ, ҳозирча бундай эмас. Жароҳат сабабли ўйнай олмаётганим менга қандайдир таъсир кўрсатяпти деб айтмаган бўлардим. Фақат машғулотларда қатнашиб даволанган ҳолда тезроқ таркибга қайтиш ҳақида ўйлаяпман холос, - дея жавоб берди.

Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати иштирокчилари билан ўртоқлик учрашувларини ўтказиб келмоқда. Бунгача Марокаш, Сенегал ва Эрон каби рақиблар билан беллашган бўлса, энди жаҳон чемпионатининг яна бир қатнашчиси – Уругвай термасига қарши майдонга тушади. Жароҳатланган Мусаев эса терма жамоамизни ҳам кузатиб бораётгани аниқ. Буни қуйидаги сўзлари орқали билиб олиш мумкин.

- Мен терма жамоамизнинг бу каби рақибларга қарши ўйинларини жуда яхши деб баҳолайман. Бундай рақибларнинг танланганидан фақат ўсиб борамиз деб ўйлайман. Албатта, бу каби етакчи жамоаларга қарши учрашувларни ташкиллаштириш осон иш эмас, менимча, буни ҳамма билади. Шу боисдан Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятига мана шундай ўйинларни ташкил этиб бераётгани учун миннатдорчилик билдиришимиз керак. Бундан фойдаланган ҳолда футболчиларимиз ушбу учрашувларда ўзларини кўрсатишлари керак. Кучли рақибларга қарши ўйинларга худди расмий учрашувлардаги каби эътиборда бўлишимиз лозим. Бу албатта менинг шахсий фикрим, - дейди Фозил Мусаев.

Лекин ҳозирча Ўзбекистон миллий терма жамоаси вақтинча Тимур Кападзе бош мураббийлигида ўртоқлик ўйинларида қатнашмоқда. Катта эҳтимол билан жаҳон чемпионатидан сўнг терма жамоамизга хорижлик таниқли мутахассис олиб келинади. Бу борада Мусаевнингнинг ҳам фикрларини билишга қизиқдик.

- Очиғи, термамизга ким бош мураббий бўлади, қаердан келади, сиз қатори менга ҳам қизиқ. Буни биргалашиб жаҳон чемпионатидан кейин билиб олсак керак. Ҳозирча эса бу масалада бирор нима дея олмайман.

Жаҳон чемпионати бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу ўринда футболчимиздан қайси терма жамоага мухлислик қилиши ҳақида ҳам сўрадик.

- Аввало жаҳон чемпионатидан чиройли ўйинларни кутяпман. Менга қолса, Аргентина билан Мессининг чемпион бўлишини истардим, - деди Фозил Мусаев.

Шу билан бирга Ўзбекистон Суперлигаси баҳслари ҳам футболчимизнинг эътиборидан четда қолмади.

- Иложи борича Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинларни ҳам кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. Суперлига беллашувлари анча қизиқарли ўтяпти. Қолаверса, мухлисларнинг стадионларга ташрифлари ҳам анча кўпайгани мени хурсанд қиляпти. Шу боис ҳозирча ҳаммаси яхши кетяпти. - Иложи борича Ўзбекистон чемпионатидаги ўйинларни ҳам кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. Суперлига беллашувлари анча қизиқарли ўтяпти. Қолаверса, мухлисларнинг стадионларга ташрифлари ҳам анча кўпайгани мени хурсанд қиляпти. Шу боис ҳозирча ҳаммаси яхши кетяпти. 

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Минбар

Барча блоглар