"Футболчиларда қандайдир руҳий босим бордек..." - Анвар Бердиев "Бухоро"нинг ғалабаси ҳақида
Про-лиганинг 7-турида “Бухоро” клуби “Хоразм” билан куч синашди. Қизиқарли кечган беллашувда бухороликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Анвар Бердиев "Бухоро" бош мураббийи сифатидаги илк ғалабасига эришди. Учрашувдан кейин у клуб матбуот хизматига ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Авваламбор, барча юртдошларимизни ҳайит байрами билан табриклайман. Ўйин ҳақида қисқача гапирадиган бўлсам, иккала жамоа учун ҳам жуда қийин ва муросасиз ўтди.
Бу йилги про-лига баҳсларида жамоаларнинг кучи деярли бир хил. Кутилмаган натижалар кўпдан-кўп содир бўляпти. Шу сабабли ҳар бир учрашувга максимал тайёрланиб майдонга тушяпмиз, рақиб ким бўлишидан қатъий назар.
“Хоразм” жамоаси шахсан менда илиқ таассурот қолдирди. Бизнинг футболчиларда қандайдир руҳий босим бордек, бугунги ғалаба ўйинчиларда мана шу босимдан чиқиш учун катта омил ҳисобланарди ва биз буни уддаладик. “Бухоро”нинг асл мухлисларини ғалаба билан табриклайман, - деди Бердиев.
Фикрлар