"Бунёдкор" - "Пахтакор": 19 йилик дерби!

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон Суперлигасининг 14-туридан ўрин олган баҳслари старт олмоқда. Бугун мухлисларни Тошкент дербиси кутиб турибди. Унда турнир жадвалининг юқори қисмидан жой олган "Пахтакор" ҳамда "Бунёдкор" жамоалари ўзаро тўқнаш келади.

Ҳар икки жамоа мавсумни турлича бошлаган бўлса-да, бугунги учрашув улар учун катта аҳамият касб этади. Айни вақтда "Пахтакор" 30 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Шерлар ўтказган 13 та учрашувнинг 9 тасида ғалаба қозониб, чемпионлик учун курашни давом эттирмоқда.

"Бунёдкор" эса 13 та ўйинда 19 очко жамғарган ҳолда еттинчи поғонани эгаллаб турибди. "Қалдирғочлар" шу вақтга қадар 6 та ғалабани қўлга киритган ва бугунги баҳс орқали турнир жадвалидаги ўрнини яхшилашни мақсад қилган. Ўтган мавсумда "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасидаги икки учрашув мухлисларга ёрқин футбол ва кўплаб голларни тақдим этган эди.

"Бунёдкор" мезбонлигида бўлиб ўтган илк баҳс 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Мезбонлар сафида Темурхўжа Абдухолиқов гол урган бўлса, "Пахтакор"нинг жавоб тўпига Игор Сергеев муаллифлик қилган.

"ЖАР" стадионида Пахтакор мезбонлигида ўтказилган иккинчи учрашув эса амалдаги вице-чемпионнинг 4:2 ҳисобидаги ишончли ғалабаси билан якунланди. Шерлар сафида Иброҳим Ибрагимов, Ҳожимат Эркинов, Ҳожиакбар Алижонов ва Достон Ҳамдамов ўз номларини таблога ёздирган бўлса, Бунёдкорнинг голларини Матия Кривокапич ҳамда Темурхўжа Абдухолиқов киритган.

Хўш, бу гал Тошкент дербисида қандай натижа қайд этилади? "Пахтакор" ғалаба қозониб пешқадам "Нефтчи" билан очколар фарқини қисқартирадими ёки "Бунёдкор" муҳим уч очкони қўлга киритиб турнир жадвалида бирданига тўртинчи поғонагача кўтариладими?


 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!