
Ғалаба қозонгани учун ишдан олинган мураббий ҳақида эшитганмисиз?
SPORTS.uz сайти ғалати воқеалар сабабли истеъфога чиқарилган мураббийлар ҳақида фикр юритади
Руминиянинг ўз қоидалари бор
Бундан бир неча кун аввал, Руминия чемпионатининг 3-дивизионида қизиқ воқеалар содир бўлди. Ноодатий сабабларга кўра, «Industria Galda de Jos» жамоаси бош мураббийи Стефан Форгостон постини топширди. Мураббий сўнгги 3 ўйиндаги мағлубиятдан сўнг, тушкун кайфиятда эди. Ўша куни клубнинг ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифасида ўзининг истеъфога чиқарилганини ўқиб қолади. Кейинроқ маълум бўлишича, клуб шу тариқа 1 апрель билан мураббийни табрикламоқчи бўлган экан. Буни клуб офисига келган мураббийга айтишган бўлса-да, ёши катта мутахассис жаҳл устида ариза ёзиб, ўз постини топшириб юборди.
Бундан ҳам кулгилироқ вазият Руминиянинг 3 лигасидаги бошқа бир мураббий билан содир бўлди. Ўз мўйловини яхши кўрувчи Мариуш Паска раҳбариятдан қаттиқ танқид эшитади. Гап шундаки, у ўз бошқарувидаги «Залау»ни лига пешқадамига айлантирган эди. Клубда 2 дивизионга кўтарилиш учун пул бўлмагани сабабли, раҳбарият муваффақиятли иш олиб бораётган Паскага чиқиш эшикларини кўрсатиб юборади. Руминия футболи бизни ҳайратда қолдиришда давом этмоқда.
Шовинизм учун истеъфо
ХХ асрда «Атлетико»ни бошқарган немис мутахассиси ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Макс Меркел «матрасчилар» билан аввалига Примерада, кейин Испания кубогида зафар қучган. Унинг ўйин услуби ўз замони учун фантастик даража эди, бироқ биргина жума барчасига нуқта қўяди.
Табиятдан ҳазилга мойил бўлган Макс шогирдларини кайфиятини кўтариш мақсадида латифа айтиб беради:
«Агар испанлар камроқ истиқомат қилганида, Испания янада яхшироқ давлатга айланар эди»
Енгилгина кулгига сабаб бўлган бўлса-да, кейинроқ раҳбарият Меркелга чиқиш эшикларини кўрсатиб юборади. Эфиопия клуби устози – Иффи Онуори эса, бундан ҳам кулгили воқеа сабабли истеъфога чиқарилган.
У машғулотлар чоғида, майдонга кириб келган сигир ва эчкини ҳайдаб чиқаргани учун қаттиқ танқид остига олинади. Африка халқлари учун қиймати баланд ҳайвонларга беҳурматлик кўрсатган Иффи эртаси куниёқ ишсиз қолиб кетади.
Синган ойна ва «судья …»
Мураббийларнинг ҳиссиётга берилиши ҳар доим ҳам керакли натижа беравермайди. Ҳозир эътиборингизга, эмоция сабабли юзага келган истеъфоларни келтириб ўтамиз.
Аслида, Антонио Конте ва Юрген Клоппнинг эмоцияга берилиб кетиши уларнинг фишкасига айланиб бўлган. Шундай бўлса-да, айрим мураббийлар ўз ҳиссиётларини жиловлай олмагани учун жазога тортилади. Мисол учун «ЧФР Клуж» бош мураббийи – Сорин Кирса оёқлари билан захира ўриндиғидаги ойнани тепиб синдиради. ЕЧЛ доирасида «Базель»га қарши меҳмондаги ўйинда содир бўлган воқеа, кўпчиликнинг эътиборини тортади. Минимал ҳисобда енгилган «Клуж» мураббийи эртаси куниёқ истеъфога чиқарилади. Энг кулгилиси шундаки, Руминиянинг бошқа бир жамоаси бош мураббийи мухлисларга қарши чиққани учун ишдан олинган. «Иличевец» фанатлари ҳакамнинг қароридан норози қиёфада ҳақорат қилишни бошлаб юборади. Украиналик Павлов эса, уларни тинчланишларини талаб қилади. Мураббий ўзини профессионал тутганини маҳаллий ишқибозлар ҳазм қила олмайди. Оқибатда, улар клуб базасига ҳужум уюштирилади. Ўйин якунлангач, раҳбарият уларни тинчлантириш мақсадида мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатиб юборади.
Бу воқеанинг тамоман тескари кўриниши Мексика чемпионатида кузатилди. Аргентиналик мутахассис Рубен Романо ўзини 90 дақиқа ҳақорат қилган мухлисларга ўрта бармоғини кўрсатади. «Сантонс Лагуна» раҳбарияти мураббий босимга дош бермаганини инобатга олиб ўтирмади.
Виктор Санчес ва пиёниста
Сўнгги пайтларда таниқли футболчиларнинг шахсий компьютери хакерлар ҳужуми учун асосий нишонга айланиб қолди. Улар шу йўсинда, таниқли шахслардан ўзлаштириб олган шахсий видеолари учун пул талаб қилишни ўрганиб олишди.
«Малага» клуби собиқ устози – Виктор Санчес ҳам шундай ҳужум қурбонига айланди. Қонунбузарлар мураббийдан шахсий видеоларини интернетдаги тармоқларга юкламаслик эвазига 20 минг евро талаб қилади. Мураббий негадир ҳуқуқни ҳимоя қилиш вакилларига мурожаат этмайди. Оқибатда, видеолар омма юзини кўради. Кўп ўтмай, «Малага» Санчесни ҳимоя қилиш ўрнига ишдан бўшатди. Шартномадаги бадал пулини ҳам тўлашдан бош тортди.
Тўғриси, ичкилик учун бирор бир мураббийни ишдан олингани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Шунга қарамай, бундан аввалги авлод вакиллари учун алкаголни хуш кўрувчи мураббий одатий хол эди. Брайн Клафнинг ҳар қандай қилиқларига «Лидс» раҳбарлари улкан натижалар сабабли чидаб келган. «Гамбург» раҳбарияти «Лидс»дан фарқли ўлароқ, ўз даврининг энг кучли мутахассисини кечириб ўтиргани йўқ. Клубни мамлакат чемпионлигига етаклаган, «Динамо Загреб» билан Европа чемпионлар кубогида тўп сурган Бранко Забесга чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилди. Гап шундаки, мураббий «Боруссия»га қарши ўйинга шу қадар маст ҳолда чиқиб келдики, ҳатто захира ўриндиғидан йиқилиб тушди. Мухлислар олдида ўзини тутишни эплай олмаган мураббийдан клуб воз кечди. Ваҳоланки, хорват ўз даврининг энг кучли мутахассисларидан бири эди.
Фикрлар