Геннадий Кочнев: "Учрашув якуни биз учун даҳшатли тус олди"

Про-лиганинг 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор-фарм” – “Ғиждувон” (4:0) учрашувидан сўнг, меҳмонлар устози Геннадий Кочнев журналистларнинг саволларига жавоб берди. У одатдагидек, ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

- Футболчимиз майдондан четлатилганидан сўнг, ўйин биз учун салбий тус олди. Захирадан майдонга туширилган футболчилардан фақатгина бир нафари ўйинга киришиб кета олди, холос. Қолган тўрт нафари эса ўз имкониятлари даражасида ўйнай олишмади. Айниқса, учрашув якуни биз учун даҳшатли тус олди. Қизил карточкага қадар, йигитлар яхши ўйин намойиш этиб, ҳаттоки, ҳисобни тенглаштириш имкониятига ҳам эга бўлишганди. Лекин вазиятлардан фойдалана олишмади.

“Навбаҳор-фарм”ни бугунги ғалаба билан табриклайман. Жамоа таркибида яхши, ёш футболчилар бор. Мезбонлар таркибида захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинда бурилиш ясай олишди.    

- Аммо ҳар икки жамоа аъзолари майдонда 10 нафар бўлиб қолишди...  

- Мен майдонда бир киши кам бўлиб қолдик, демаяпман. Балки, футболчимиз майдондан четлатилганидан сўнг, ўз ўйинимизни топа олмаганлигимиз, бу жамоамиз ўйинига салбий таъсир кўрсатганлигини таъкидламоқчиман, холос. Захирадан майдонга туширилган йигитларнинг  ўйинни кучайтиришларини кутгандим. Аммо...

- Жорий мавсумда “Ғиждувон”нинг олдига қандай вазифа қўйилган?

- Жамоа 28 февралда тўпланганлиги боис, янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун оз вақт қолганди. Ўйиндан – ўйинга кучайиб боришни ният қилгандик. Аммо ҳозирча буни уддалай олмаяпмиз ҳамда бу қийинчилик туғдиряпти.      

– Рақиб жамоа борасида нима дея оласиз?

- “Навбаҳор-фарм” доимо менга ёққан. Биринчи лигада “Нефтгазмонтаж”да фаолият юритганимда, “Навбаҳор-фарм”га қарши икки марта ўйин ўтказганман. Яхши, уюшқоқ, қизиқарли жамоа. Ўтган турда Қўқонда бўлиб ўтган баҳсда наманганликларнинг ўйинларини кузатдим. “Навбаҳор-фарм”нинг айниқса, 1-бўлимдаги ўйини менда жуда яхши таассурот қолдирди.

Шунингдек, янги мавсумга тайёргарлик доирасида қишда бугунги рақибимиз билан назорат баҳси ўтказгандик. Жамоадаги йигитлар кўп йиллардан буён бирга ўйнашади ва уларда уюшқоқлик бор.“Навбаҳор-фарм” учун барча шароитлар яратилган ва жиддий иш олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Навбаҳор-фарм” менга жуда ёқди.       

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!