Ғирромликларга дуч келсам, футболдан умуман кетаман, бошқа яқинлашмайман - Одил Аҳмедов билан катта суҳбат
Ҳар сафар Одил Аҳмедов билан суҳбатлашиш қизиқарли. Лекин бунга доим ҳам имконият бўлавермайди. Бунинг учун унинг юртимизга келишини кутишга тўғри келади.
У билан кўпинча йил якунига яқин суҳбат уюштиришни анъанага айлантириб боряпмиз. Бу сафар ҳам терма жамоамиз етакчисининг Тошкентда эканлигидан фойдаланиб унга ўзимизнинг таклифимизни билдирдик.
Ҳозир футбол баҳслари тугаган бўлса ҳам Аҳмедов бекор юргани йўқ. Айниқса, ташкилий масалалар бўйича иши кўп. Вақти тиғизлигига қарамай, sports.uz сайти учун интервью беришга розилик берди.
“Хитойдан кета олмасдим ёки қишгача футбол ўйнамаслигим керак эди”
- Якунига етаётган йилда мавсумни иккита клубда ўтказдингиз. “Шанхай СИПГ”да бошлаб, “Тяньцзинь Тэда” клубида тугатдингиз. Очиғи, жамоангизни ўзгартиришингизни кутмагандик. Айниқса, Хитойнинг етакчи жамоаларидан бирини тарк этиб, лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган клуб сафига қўшилдингиз. Ёки “Шанхай СИПГ” билан ўртангизда келишмовчилик юз бердими?
- Биласизми, бу вазиятни сизга очиқ-ойдин 100 фоиз гапириб бера олмайман. Аммо деталларини айтиб ўтаман. Ўша маҳалда пандемия даври эди ва биз шу шароитда чемпионатни бошладик. Озгина вақт ўтганидан кейин клуб шундай қарорга келди, мен билан...шартномада шундай бандлар борки, буни гапириш учун анча вақт кетади ва бу ҳақида айтишни жоиз деб ҳам билмайман. Шунинг учун “Шанхай СИПГ” билан келишган ҳолатда хайрлашишга тўғри келди. Айтганимдек, ўша пайтда пандемия бўлгани сабабли бошқа мамлакатлардаги таклифларни кўриб чиқиш имкони бўлмади. Тўғри, таклифлар бўлди, бироқ ўша маҳалда парвозлар амалга оширилмаётганди, тўсиқлар пайдо бўлганди. “Тэда” клуби эса менга алоқага чиқиб, жамоага ёрдамим кераклиги ва жамоани олиб қолишимиз лозимлигини айтишди. Бу ўзим учун ҳам янгилик бўлди. Ҳар доим ҳам чемпионлик учун курашган жамоаларда тўп сурганман. Биринчидан, бу сафар лигада қолиш учун курашаётган клуб таркибида ўзимни синаб кўргим келди. Иккинчидан Хитойдан кета олмасдим ёки қишгача футбол ўйнай олмаслигим керак эди. Шу вазиятларни ҳар томонлама сарҳисоб қилиб, “Тэда” жамоасига ўтишга қарор қилдим. Қўлдан келганча ёрдам бердим ва жамоани олиб қолдик. Мен келган пайтда клуб охирги ўринда эди, йил якунида 10-ўринда тугатди.
- Янги мавсумни ҳам Хитой чемпионатида давом эттирасизми ёки режаларингиз ўзгаряптими?
- Ҳозирги вазиятга таяниб айтадиган бўлсам, ўша клубим билан яна икки йиллик шартнома тузганман.
- “Одил жуниор” футбол мактабига қизиқишимиз баланд. У ерга мураббийлик учун кўзга кўринган собиқ футболчиларни таклиф қилгансиз. Айтинг-чи, футбол мактабидаги иш жараёнидан кўнглингиз тўляптими ёки...
- Ҳар бир соҳада кўнглингиз тўлса, тўхтаб қоласиз. Ҳали камчиликларимиз ва қиладиган ишларимиз жуда кўп. Режа бўйича қарасак, ҳали ишни ярмигача ҳам етиб бормаганмиз. Ҳали келажакда режаларимиз кўп. Тўғри айтдингиз, мураббийликка олдинги собиқ футболчиларни олганман. Инсон ҳаммасига ўз ҳаракати ва меҳнати билан эришиши керак. “Одил жуниор”да ишлаётган ҳамма-ҳамма ривожланишга ҳаракат қиляпмиз. Бу босқичма-босқич амалга ошади, деган умиддаман. Вақти келиб “Одил жуниор”ни яхши даражага олиб чиқмоқчимиз. Шундай ниятларимиз борки, ўзимиздаги ёш истеъдодларни Европада ўйнатиш ниятимиз бор.
“Фаолиятимни “Навбаҳор”да якунлаш ниятим ҳам бор эди”
- Хитойда клубингизни ўзгартирганингиздан кейин бу ерда шундай гап тарқалди: Одил Аҳмедов Ўзбекистонга қайтиб, фаолиятини “Навбаҳор”да якунлар экан! Шундай экан, ўзингиз вазиятга ойдинлик киритсангиз.
- Шунақа ниятим ҳам бор эди. Кўпроқ ота-онам билан бирга бўлиш мақсадим бор эди. Афсуски, пандемия туфайли дадам оламдан ўтди. Шундан кейин футбол ўйнаш ҳам юракка сиғмай қолди. Бошқа нарсалар ҳақида ўйлашга ҳам вақт бўлмади. Онам билан маслаҳатлашдим. “Ўғлим, кучинг бор экан, ўйнайвергин”, дедилар. Шунинг учун яна Хитойга бориб фаолиятимни ўша ерда давом эттиришни маъқул деб биляпман, ҳозирча.
- “Навбаҳор”га тааллуқли яна бир савол. Ҳозир клубга ким бош мураббий бўлиши роса муҳокама қилиняпти. Айниқса, Самвел Бабаяннинг жамоани бошқариши ҳақида кўп гапириляпти. Қизиғи, “Навбаҳор”га бош мураббий тайинлаш масаласида сиз фаоллик кўрсатаётганингиз ҳақида ҳам эшитдик. Бу қанчалик ҳақиқат?
- Менга маслаҳат сўраб чиқишади. Аммо ҳеч қачон буни ишлатиш керак ёки унисини, деган кўрсатмани бермайман. Мураббийлар масаласи бўйича уларда номзодлар бор эди. Ўша номзодлар орасида Самвел Бабаян ҳам бўлган. Охирги сўзни барибир вилоят ҳокими айтади. Қайси бирини маъқул кўришса, ўша билан ҳамкорлик қилишади.
“Олдинги терма жамоамиз ҳозиргисидан кучлироқ эди”
- 33 ёшдасиз, келаси йили 34 га кирасиз. Вақт ўтяпти, бироқ терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида қатнашиш орзуингиз армонга айланиб боряпти. Бу сафарги уриниш сиз учун охирги имконият. Назаримда, бу ўзингиз учун ҳам оғриқли ҳолат бўлса керак...
- Ҳар бир футболчининг орзулари бўлади. Мен эса олдимга қўйган ниятларимга озми-кўпми эришганман. Орзуларимдан бири терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида иштирок этиш ва буни жуда хоҳлайман. Аммо сиз айтиб ўтганингиздек, вақт, ёш ўтиб боряпти. Терма жамоа ичида ўйиним пасайганини ёки жисмоний ҳолатим ўзгариб қолганини сезсам, албатта ўша куни терма жамоадаги фаолиятимни тугатаман. Бунга реал қараш керак. Ҳар доим айтганман: мендан кучли футболчилар чиқиб, ўрнимда бемалол ўйнай олишса термадан кетишга тайёрман. Инсоннинг жисмоний ҳолатини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бир йилдан кейин ҳам, икки йилдан кейин ҳам шунақа спорт формасида бўламан, дейишим мумкин. Бироқ вақт ўтгани сари организм чарчаб қолиши ва формасини йўқотиб қўйиши мумкин. Албатта, терма жамоамиз либосида жаҳон чемпионатида тўп суришни орзу қиламан. Буни вақт кўрсатади ва Худо билади.
- Терма жамоамиздаги ворисингиз сифатида кимни кўряпсиз?
- Менинг позициямда терма жамоамизда ўзимга ёқадиган футболчилар бор. Одил Ҳамробеков, Азиз Ғаниев, Остон Ўрунов...булар келажакда яхши ҳаракат қилишса, мендан ҳам яхшироқ натижаларга эришадиган футболчилар.
- Терма жамоамизнинг айни пайтдаги ҳолатига реал қарайлик, кўпчилик ташвишда. Ҳали иккинчи саралаш босқичи якунланмаган, аммо вазифани бажарганимиз йўқ. Сизнинг фикрингиз қандай?
- Вазият жуда қийин. Миллий термада 2007 йилдан бери тўп суриб келяпман. Ҳозирги терма билан аввалгисини таққослаганда, футболчиларнинг даражаси бўйича ҳам олдинги жамоаларимиз кучлироқ бўлган. Лекин имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳаммаси майдонга тушадиган футболчиларга кўпроқ боғлиқ деб биламан. Ҳаракат қилиш керак. Жаҳон чемпионатига чиқишни мақсад қилган терма жамоа жуда кўп меҳнат қилиши шарт, ҳар тарафлама. Қолган терма жамоаларга қараганда мундиалга чиқишни кўпроқ хоҳлаш керак. Ана шунда натижа бўлиши мумкин.
“Қўлимда “Ницца” билан “Шанхай СИПГ”нинг 100 фоизлик шартномалари бор эди, мен Хитойни танладим”
- Яқинда Россия матбуотида Остон Ўруновнинг ёш билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирганингизни ўқидик. Ўруновга “Спартак”даги фаолиятида ташқи босимлар ҳам халақит бераётгандек. Чунки у клубида кўпроқ захирада қоляпти. Остон у ерга бироз эрта кетдими?
- Бу футболчида ҳамма нарса бор. Россия чемпионатида олти йил ўйнаганман. У ердаги чемпионат қанақалигини биламан. Асосан жисмоний ҳолатга кўпроқ эътибор берилади. Остонда шу нарсалар бор. Орада нима бўлди? “Спартак”ка бориб бироз ўйнади, кейин жароҳат олди. Футболда шунақа нарса борки, жароҳатдан сўнг ўйинчининг тикланиши осон бўлмайди. Биринчидан, тиклангандан кейин ҳам ўша даражада тўп суриш қийин. Иккинчидан, Россияда “Спартак”даги каби жонкуяр мухлислар бошқа жойда топилмаса керак. Ҳақиқатан ҳам у ерда босим кучли. Бу нарса барибир футболчининг руҳиятга таъсир қилади. Аммо Ўрунов ҳозирги ҳолатида ҳам “Спартак”да бемалол ўйнаб кета олади. Фақат унга имконият бериш керак. Россиянинг бошқа клубида тўп суриш учун Остонда барча хусуситялар мужассам.
- Ёш билан боғлиқ машмаша унинг руҳиятига таъсир қиляпти, деб ўйлайсизми?
- Уни биламан. Руҳий жиҳатдан ҳам кучли футболчи. Агар руҳий томондан кучсиз бўлганида Россияда бу даражада ўйнай олмасди. У анча-мунчага “синиб” қолмайди. Бу футболчи учун керакли хусусият.
- Россияда сиздан кейин Элдор Шомуродов кўзга ташланди ва кейинчалик Италия А серияга йўл олди. Унинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Шомуродовни яхши биламан. Ҳар доим гаплашиб турамиз. Европа футболида ўзбек ўйинчиларининг ўйнаб кетиш имконияти юқори. Чунки Европа чемпионатларида техник футбол ҳам ичига кириб кетган. Россияда қўпол футбол бўлса, Европада ўйнашга ҳам беради. Элдорнинг бемалол ўйнаб кетишига шубҳа қилмайман, иккиланиш ҳам йўқ. Бундан буёғига ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Унга омад тилайман. “Женоа”да тўхтаб қолмасдан янада кучлироқ клубларга кетишини истайман. Бу унинг қўлидан келади. Шомуродовда Россия чемпионатидаги ва терма жамоадаги тажриба бор. Мана, энди Италия чемпионатида тажриба орттиряпти.
- Сизда ҳам топ-бешлик чемпионатларидан бирида тўп суриш имконияти бор эди. Агар 10 йил орқага қайтсак, фаолиятингизда нимани ўзгартирган бўлардингиз?
- Ниманидир ўзгартирардим, десам нотўғри бўлардию, менга ҳам таклифлар бўлган. Менимча, Европадан тушган таклифларни Россияга борган дастлабки йилларимда кўриб чиққан бўлардим.
- Бизга қизиқ, ўша маҳалда қўлингизда аниқ қандай таклифлар бор эди?
- Реал қарасак... охиргисини айтадиган бўлсам, Франциянинг “Ницца” клубидан таклиф бор эди. Қўлимда иккита 100 фоизли шартнома турганди: бири “Шанхай СИПГ”, иккинчиси “Ницца”. Мен эса Шанхайга кетганман. Буни ҳар тарафлама ўйлаганман. Молиявий томондан ҳам “Шанхай СИПГ” да яхшироқ бўлгани учун ўша ерга кетганман.
“Дадамнинг вафотидан кейин футболни тугатиш ниятим ҳам йўқ эмасди”
- Одатда хориждаги легионерларимизга чемпионатимиз даражаси яхшироқ кўринади. Балки биз илғамаган жиҳатлар сизларга ташқаридан яққол кўриниши мумкин. Суперлигамиз қай ҳолатда ёки қандай маслаҳат бера оласиз?
- Суперлигани кучайтириш масаласи бўйича ЎФА раҳбарлари ҳам ишлашяпти. Ҳамма ҳалол бўлиши керак. Ҳар доим ҳалол футбол тарафдориман. Футболчими, мураббийми, ҳакамми, барчаси ўз ишини сидқидилдан бажариши керак. Шундагина чемпионатимиз ривожланади, деб ўйлайман. Футболимизда камчилик, муаммолар бўлган. Буларни албатта бартараф қилиш керак.
- “Пахтакор”нинг бошқалардан яққол кучлилиги чемпионатимизни зерикарли бўлиб қолишига туртки бўлмаяптми?
- Туртки бўлади. Бошқа чемпионатларга қарасангиз, масалан, Хитойда ҳам чемпионликка 5-6 клуб курашади. Қачонки, рақобат бўлса, мақсадга қийинчилик билан эришишингизни билсангиз шунда қизиқ бўлади. “Пахтакор”нинг гегемонлиги туфайли менимча жамоа футболчиларининг ўзига ҳам чемпионатнинг қизиғи қолмаган. Уларга рақобатчи йўқ. “Пахтакор”нинг гегемонлиги чемпионатнинг қизиқарли бўлишига ҳам тўсқинлиқ қиляпти деб ўйлайман. Бунга яраша яна 3-4 та кучли клуб бўлиши керак. Аммо ўша даражада бўлиши учун “Пахтакор”даги каби футболчилар ҳам етишмайди.
- Шота Арвеладзенинг кетганига муносабатингиз қандай?
- Арвеладзе қўлидан келганича ҳаракат қилди. Бизга бундай мураббийлар биргина “Пахтакор”да эмас, яна бошқа жамоаларимизда ҳам керак. Ўзининг талабини қўя оладиган, футболчиларга айтган гапини ўтказа оладиган Шота сингари мутахассислар керак, деб ҳисоблайман.
- “Пахтакор” етакчиси Жалолиддин Машарипов ҳам легионерга айланишга яқин турибди. Унинг футболимизга фойдали бўлиши учун қаерда тўп суришини хоҳлардингиз?
- Биринчидан, у барқарор ўйнай оладиган жамоага бориши керак. Машариповни Европага кетсин дейишим ҳам мумкин. Аммо у ерга бориб ўйнамаса, бу футболимиз учун салбий бўлиб қолиши мумкин. Футболда биринчи керакли жиҳат – бу ўйин амалиёти. Қаерга кетса ҳам “Пахтакор”даги каби мавқега эга бўлиши зарур деб ҳисоблайман.
- Фаолиятингизни яна неча йил давом эттиришингиз мумкин?
- Биласизми, доим футболни дадам учун ўйнаганман. Миямда ҳамиша гапирган гаплари, берган маслаҳатлари турарди. Майдонга тушганимда ҳар сафар орқамда дадам борлигини ҳис қилганман. Ҳозир эса футбол ўйнаш юрагимга ҳам сиғмаяпти. Ҳаттоки, футболни тугатиш ниятим ҳам йўқ эмасди. Шу даражага етишишимга дадам сабабчи бўлган. Лекин дадамнинг руҳини шод қилиш учун ҳам яна бироз тўп суришга қарор қилдим. Аммо бу кўпга чўзилмайди. Фикримча, бир ёки икки йил бўлиши мумкин.
- Фаолиятингизни тугатгач, сизни мураббий ролида кўрамизми ёки футболда бошқа шахс сифатида қолмоқчимисиз?
- Мураббий бўлишга хоҳишим бор. Лекин фаолиятимни тугатганимдан кейин мураббий бўлмаслигимнинг фоизи кўпроқ деб биламан. Футбол соҳасида қолишга ҳаракат қиляпмиз. Бироқ футболда ғирромликлар кўпроқ бўлади. Асосан четда легионер сифатида ўйнадим. Бу ерга келиб ғирромликларга, ноҳақликларга дуч келадиган бўлсам, футболдан умуман кетаман, бошқа яқинлашмайман.
Фикрлар