Гол қайси дақиқада урилишини ҳеч ким билмайди - "Сурхон" устози учун Суперлигадаги илк ўйин, илк ғалаба!

“Сурхон” жамоаси янги мавсумнинг илк турини ўз майдонида “Металлург”га қарши ўтказиб ягона гол эвазига қимматли уч очкони қўлга киритди ва бу орқали чемпионатдаги илк ғалабасини ҳам қўлга киритди.

Шунингдек, “Сурхон” бош мураббийи Руфат Акрамхўжаев учун ҳам бу ўйин ўзгача аҳамиятга эга эди. Негаки, у илк бор Суперлигада бош мураббий сифатидаги дебютини ўтказди. Учрашув тугаганидан кейин Акрамхўжаев sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди.

- Аввало, бугунги ғалаба билан табриклайман. Ўйиндан олган таассуротларингизни билмоқчимиз.

- Ғалабадан кейин ҳар доим таассурот яхши бўлади. Футболчиларимиз яхши ҳаракат қилишди ва кўрсатмаларимизни бажаришди. Шунинг эвазига ғалаба қозондик, деб ўйлайман. Бу бизнинг чемпионатдаги биринчи ўйинимиз ва очилиш беллашуви эди. Мана шундай муҳим учрашувда уч очкони қўлга киритганимиз учун ҳаммага миннатдорлик билдираман ва мухлисларимизга ҳам ташаккур айтаман.

- Суперлигада бош мураббий сифатидаги дебют ўйинингизни ўтказдингиз. Табиийки, биринчи учрашувда ғалаба қозониш ҳамиша ёқимли. Ҳозирги ҳис-туйғуларингиз ўзгача бўлса керак...

- Ҳа, дебют ўйинимиз бўлди. Битта мен эмас, Рустам ака Ориповда ҳам. Мураббийлар штабида ҳеч ким ёрдамчим эмас, барчаси елкадошларим. Қалбимиздаги ҳис-туйғуларни сўз билан тасаввур қилиб бўлмайди. Фақат бунинг учун инсон ўша вазиятда бўлиши керак. Бугунги ғалабамиздан ҳамма хурсанд. Айниқса, охирги дақиқаларда ғалаба голи киритилганида бунинг завқи янада бошқача бўлади.

сурхон ғалаба

- Ягона гол учрашувнинг охирги дақиқаларида киритилди. Вазиятга реал қарасак, сўнгги дақиқалар ўтиб бораётганида дурангга рози бўлиб бораётганмидингиз?

- Дурангга рози эмасдик. Аввало, ҳаммаси Худодан. Биз ҳар учрашувда фақат ғалаба учун чиқамиз. Аҳамият берган бўлсангиз, иккинчи бўлимда устунлик биз томонда эди. Гол қайси дақиқада урилишини ҳеч ким айтиб бера олмайди. Шунинг учун мақсад сари охиригача курашиш керак. Гол уришимизни ич-ичимиздан хоҳлаётгандик.

- “Металлург” сиз кутгандек қаршилик кўрсатдими?

- “Металлург” яхши шаклланган жамоа, тажрибали ўйинчиларига эга. Табиийки, бу жамоага қарши осон учрашув бўлмади. Бекободликлар яхши рақиб эканлиги учун тайёргарлигимизни ҳам шунга яраша қилгандик. “Металлург” мавсум давомида ҳали ўзини кўрсатади деб ўйлайман.

- Бош мураббий сифатида “Сурхон”нинг бу йилги селекция ишларидан қай даражада қониқиш ҳосил қилдингиз?

- Менимча, ҳеч қайси мураббий бу борада 100 фоиз қониқмаса керак. Лекин янги қўшилган ўйинчилар биринчи ўйинданоқ ишончимизни оқлашяпти. Ишонаманки, таркибимиздаги барча йигитлар чемпионат давомида ўзларини яхши томондан кўрсатишади.

акрамхўжаев

- Навбатдаги турни сафарда “Андижон”га қарши ўтказасизлар. Ушбу ўйин учун режа қандай?

- “Андижон”нинг ўйинларини кўриб таҳлил қиламиз. Шунга қараб тайёргарлик кўрамиз. “Андижон” ҳам яхши шаклланган жамоа. Айниқса, бош мураббий Отабек Ғуломхўжаевнинг ўзига яраша ишлаш услуби бор. Биламизки, осон ўйин бўлмайди. Аммо биз ҳам максимал даражада ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
solijon bobokulov
11/03/2021 20:49
andijon qanaqasiga yaxshi shakllangan?! hali shakllanib ulgurmadi shekilli?