Гонгконг бош мураббийи: "Ўзбекистонга шунчаки саёҳат қилиш учун келмадик..."
Хабарингиз бор, эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Гонгконгга қарши баҳс олиб боради. Мазкур ўйин олдидан гонгконгликлар бош мураббийи Йорн Андерсен матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Авваламбор, ҳаммага хайрли кун. Эртанги ўйин биз учун осон бўлмаслиги аниқ. Эрон, Ўзбекистон каби жамоаларга қарши ўйнаш биз учун осон эмас. Аммо биз шундай беллашувлар орқали ривожланиб борамиз ва хатоларимизни яққол кўриб олиш имконига эга бўламиз.
Ўзбекистонга шунчаки саёҳат қилиш учун келмадик. Биласиз, ФИФА рейтингига қарасак, тафовут анча катта экани кўринади. Шунга қарамай, биз осонликча таслим бўлмаймиз ва ғалаба учун майдонга тушамиз.
Катанецни яхши биламан. У билан футболчилик фаолиятим давомида Бундеслигада ўзаро кураш олиб борганмиз. Ўйлашимча, Сречконинг эртага баҳсда иштирок этмаслиги жуда катта таъсир кўрсатмайди. Мутахассис қўл остида яхши мураббийлар штаби бор ва улар муносиб ҳаракат қила олади, деб ўйлайман.
Охирги пайтларда Ўзбекистонга қарши жуда кўп учрашувлар ўтказдик. Очиғи, Осиёдаги энг кучли жамоалардан бирига қарши тўп тепиш осон эмас. Ўзбекистон қитъадаги олти энг кучли термадан бири, менимча.
Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ғалаба қозониш учун бор кучимизни тўғри сарфлай олишимиз катта аҳамиятга эга.
Ҳар бир беллашув биз учун муҳим. Эртанги рақибимиз билан кечган уйдаги ўйинни эсласак, Ўзбекистон ҳужумкор ҳаракат қилди. Биз жуда осон тарзда иккита гол ўтказиб юбордик.
Шундай экан, бу мағлубиятдан тўғри хулосалар чиқара олдик, деб ўйлайман. Кўрдикки, ўтган учрашувда анча вақтгача гол ўтказиб юбормасликни уддалай олдик. Айтишим мумкинки, эртага нима бўлишидан қатъий назар ғалаба учун майдонга тушамиз.
Биз бутун Осиё бўйлаб футбол учрашувлари ўтказдик. Аммо Гонгконг медиасида майдон ҳолати ҳақида салбий фикр билдиргани мен учун аҳамиятли эмас. Менга ва шерикларимга ватанингиз жуда ёқди. Шунингдек, майдон ҳолатидан ҳам қониқиш ҳосил қилдим", - деди меҳмонлар бош мураббийи.
Фикрлар