Гонконг бош мураббийи: "Ўзбекистон барибир юқори савияда эканини исботлади!"

Жаҳон чемпионати саралашининг 4-турида Ўзбекистон Гонконгни ўз майдонида қабул қилиб, йирик 3:0 ҳисобида зафар қучди. Беллашувдан сўнг Гонконг терма жамоаси бош мураббийи Йорн Андерсен матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Бугун ўйиндаги умумий хулоса аниқ бўлди. 90 дақиқа ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. 
Дастлабки 15 дақиқада жуда зўр ҳаракат қилдик. Аммо кейин Ўзбекистон босимни кучайтирди ва кўплаб вазиятларни юзага келтирди. Улар барибир юқори савияда эканини исботлади.
3:0 ҳисобида енгилган бўлсакда, буни ёмон натижа демаган бўлардим. Рақибимиз сафида бир қанча кучли футболчилар даражасини учрашувнинг ҳал бўлишига сабаб бўлди.
Бизда йўқотишлар борлиги олдиндан маълум эди. Тўлиқ таркибимизни йиғиш муаммо бўлмоқда. Умид қиламанки, келгусида барча футболчиларимиз бутунлай сафга қайтиб, ижобий натижалар қайд этишимизда ёрдам беради.
Гонконг каби мамлакат футболи учун юқори даражадаги футболчилар керак. Айниқса, Ўзбекистон, Эрон каби топ жамоаларга қарши кураш таклиф этиш учун бу нарса жуда муҳим. 
Тўғри, натижадан тўлақонли тарзда қониқмадим. Жуда оддий голларни қабул қилиб олдик. Аммо шуни айтишим мумкинки, йигитлар бор кучи билан ҳаракат қилишди. Уларга бу учун миннатдорчилик билдираман! 
Сентябрь, октябрь ва ноябрь учун алоҳида режалар ишлаб чиқамиз. Мундиал йўлланмасидан маҳрум бўлдик ва саралаш доирасида расмий ўйинлар ўтказмаймиз. Аммо барча бизнинг босқичма-босқич ўсиб бораётганимизни кўриб турибди. 

Дўстим Сречко Катанец бугун учрашувда иштирок эта олмади. Унинг соғлиғида муаммолар борлигини айтишди. Унинг тезроқ соғайиб, ўз ишига қайтишига тилакдошман. Ўзбекистонни бугунги ажойиб ғалаба билан табриклайман!!", - деди мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!