Гонсалу Рамуш рекорд нархга бошқа клубга ўтди
Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Гонсалу Рамуш Европа Чемпионлар лигаси ғолиби "Пари Сен-Жермен" клубидан Италиянинг "Милан" жамоасига ўтди. Бу ҳақда Италия клуби матбуот хизмати маълум қилди.
Футбол бўйича инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқ X да ёзишича, "Милан" Рамуш трансфери учун 74 миллион евро тўлайди. Бу сумма клуб тарихидаги энг қиммат харид сифатида қайд этилди. Шартномада турли бонуслар ҳам кўзда тутилгани учун умумий миқдор яна ошиши мумкин.
Бунгача "Милан" тарихидаги энг қиммат трансфер сифатида португалиялик ҳужумчи Рафаэл Леау қайд этилган эди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, у 49,5 миллион евро эвазига сотиб олинган. Леау 2019 йил ёзидан бери "Милан" шарафини ҳимоя қилиб келмоқда, унгача эса французнинг "Лилль" клубида тўп сурган.
25 ёшли Гонсалу Рамуш сўнгги уч мавсумни ПСЖ таркибида ўтказди. У 2023 йил ёзида тарбияланувчиси бўлган португалиялик "Бенфика" клубидан Париж жамоасига қўшилган эди. Ҳужумчи ПСЖ сафида турли мусобақаларда жами 131 ўйин ўтказиб, 45 та гол урди ва 10 та голли пас берди.
Рамуш ПСЖ билан бирга уч марта Франция чемпиони ва уч марта мамлакат Суперкубоги соҳиби бўлди. Шунингдек, икки бор мамлакат кубогини, икки марта Европа Чемпионлар лигасини қўлга киритди, бир мартадан УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан. "Бенфика" таркибида эса Португалия чемпионлигига эришган.

Фикрлар