Грандлар кутган юлдуз армонда қолди

Ишончли ўйини билан қатор грандлар эътиборига тушган Сауль Ньигес фаолиятини “Атлетико”да давом эттирадиган бўлди.

Яқингача бу ярим ҳимоячига “Барселона”, “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед” сингари қудратли клублардан жиддий қизиқишлар бўлаётган эди. 26 ёшли футболчининг ўзи ҳам тезроқ Мадриддан кетишни истаганди.

Бироқ, Ньигеснинг орзулари армонга айланди ва у катта эҳтимол билан ўз жамоасида қолади. Гап шундаки, Европада ёзги трансфер ойнаси ёпилишига тобора қисқа фурсат қолаётган паллада Ньигесга бирорта харидор чиққани йўқ. Аввал унга қизиққан клублар эътиборини бошқа футболчиларга қаратди.

Истеъдодли ярим ҳимоячи энди бор эътиборини “Атлетико”да ўзини кўрсатишга қаратади. Чемпионлик мавсумида Ньигес барча турнирларда жами 41 та учрашувда майдонга тушиб, иккита гол ва битта голли пас муаллифи бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!