Гранит Жака ўзининг суперклубга трансферини барбод қилди
«Сандерленд» ярим ҳимоячиси Гранит Жака Англия Премьер-лигасининг гранд клубларидан ҳисобланган «Челси»га ўтмайди. Бу ҳақда журналист Жанлука Ди Марцио ўз сайти орқали хабар берди.
Манбага кўра, швейцариялик футболчи шахсан Хаби Алонсо билан суҳбатда Лондон клубига ўтишдан воз кечганини маълум қилган. 33 ёшли ярим ҳимоячи ўзини ҳозирги жамоасида қулай ҳис қилаётгани ва «Сандерленд» шарафини ҳимоя қилишни давом эттиришни маъқул кўрган.
Айтилишича, футболчининг бундай қарори «Челси» бош мураббийини анча ранжитган. Лондон клуби тажрибали ярим ҳимоячи ҳисобидан жамоа ўйинини мустаҳкамлашни режалаштираётган эди.
Шу билан бирга, The Athletic нашри маълумотига кўра, ҳозирча энг реал вариант сифатида Жака карьерасини айнан «Сандерленд»да давом эттириши кўрилмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида «Челси» Жака учун 8 миллион фунт таклиф этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ «қора мушуклар» бу таклифни рад этган. Клуб раҳбарияти бу миқдорни жуда паст деб баҳолаб, уни нафақат футболчининг ўзига, балки «Сандерленд»га нисбатан ҳам ҳурматсизлик сифатида қабул қилган.
Жака ўтган ёзда «Байер» таркибидан «Сандерленд»га қўшилган. Ўтган мавсумда швейцариялик ярим ҳимоячи 36 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди ва олти марта голли пас берди.

Фикрлар