Гуруҳда ҳаммадан кўп гол урган "Бунёдкор" нима сабабдан учинчи бўлиб қолди?
"Насаф", "Сўғдиёна", "Бунёдкор" клублари жой олган гуруҳда қалдирғочларнинг нима сабабдан учинчи бўлиб қолганига кўпчилик тушунмади.
Регламентнинг 23-бобида мусобақа ғолибларини қандай аниқлаш ёзилган. Унга кўра, икки ёки ундан кўп клубларнинг очколари тенг келиб қолса, биринчи навбатда ўзаро ўйинлар натижасига қаралади дейилган. Демак, уч клуб 5 тадан очко олганидан келиб чиқиб, фақат шу уч клубнинг ўзаро ўйинлари натижаси ҳисоблаб чиқилади, бунда "Рубин"га урилган голлар ўз кучини йўқотади. Табиийки, "Бунёдкор" 2 марта 1:1 ўйнаган, "Насаф" ва "Сўғдиёна" эса ўзаро 2:2 ўйнаган, демак, улар олдинда. "Бунёдкор"нинг шу ҳолатда учинчи экани аниқ бўлди.
Мана энди "Насаф" ва "Сўғдиёна"дан қай бири пешқадам эканини аниқлаш керак бўлади. Ўзаро ўйинлар натижаси тенг эканидан келиб чиқиб, энди тўплар нисбатига эътибор берилади. Бунда "Насаф" "Рубин"ни 4:0, "Сўғдиёна" эса 4:1 ҳисобида таслим қилган. Демак, "Насаф" гуруҳ пешқадами.
Кучлар тенг келганида ўзаро ўйинларга қараш нисбатан адолатли йўл ҳисобланади. Чунки "Рубин"га қанча гол уриш масаласини бир амаллаб ҳал қилиш мумкиндир, аммо ўзаро ўйинлар масаласига учинчи томон аралашмайди ва масала фақат икки рақиб ўртасида ҳал бўлади.
Фикрлар