Гвардиола бир футболчи ўрнига икки юлдузни олмоқчи
Англиянинг амалдаги чемпиони “Манчестер Сити” таркибида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. “Шаҳарликлар” испаниялик легионер Родри Эрнандесга ўринбосар қидирмоқда.
Германиядаги Европа чемпионатининг энг яхши футболчиси, деб топилган Родрига “Реал”дан жиддий қизиқиш бўляпти.
The Telegraph нашрига кўра, манчестерликлар бош мураббийи Хосеп Гвардиола таянч зонада испан футболчисининг ўрнини боса оладиган ўйинчи сифатида “Ньюкасл” вакили Бруно Гимараэс ва “Бавария” ярим ҳимоячиси Йозуа Киммихни танлади.
28 ёшли Родри Эрнандес “Атлетико” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ профессионал фаолиятини “Вильярреал”да бошлаб, кейинчалик 2018 йили “Атлетико”га қайтган.
Родри учун 20 миллион евро тўлаган мадридликлар бир йилдан кейин уни “Манчестер Сити”га 70 миллион еврога трансфер қилиб юборди.
Испаниялик футболчи клублар миқёсида жами 430 та учрашувда иштирок этиб, 33 та гол ва 37 та голли пас муаллифи бўлди.
Фикрлар