Гвардиола “Манчестер Сити”ни тарк этадиган бўляпти

Хосеп Гвардиола кейинги мавсум охирида “Манчестер Сити” бош мураббийлигини топширади, деб ҳабар бермоқда Европа матбуоти.

Испаниялик мутахассис “шаҳарликлар”га 2016 йилдан бери устозлик қиляпти. Унинг бошқарувидаги давр клуб тарихида энг муваффақиятлиси ҳисобланади.

Гвардиола қўл остида “Манчестер Сити” беш маротаба Премьер-лига, икки марта Англия кубоги, тўрт бор Лига кубоги ва ўтган йили Европа Чемпионлар лигаси ғолибига айланди.

Дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири сифатида эътироф этилаётган Пеп бирор клубда у қадар узоқ ишламаган. Гвардиола “Барселона”да тўрт мавсум, “Бавария”да эса уч йил бош мураббийлик қилган.

Мураббийнинг клуб билан шартномаси 2025 йилнинг ёзида тугайди. Football Insider нашрининг ёзишича, 53 ёшли мутахассис худди “Ливерпуль” бош мураббийи Юрген Клопп сингари футболдан бироз дам олишни режалаштирмоқда.

Қолаверса, Англия Премьер-лигаси айнан келаси мавсум охирида “Манчестер Сити”нинг 115 та қоида бузарлиги бўйича ҳукм чиқариши лозим.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!