"Ҳафта воқеликлари". "Тошкент дербиси", ОЧЛ, ЕЧЛ ва ЕЛ ҳақида
Хабарингиз бор, сайтимиз томонидан “Ҳафта воқеликлари” дея номланган лойиҳани тақдим этиб келмоқдамиз. Сиз унда ўзбек, Осиё ва жаҳон футболида содир бўлган ҳафтанинг энг муҳим воқеликлари билан танишишингиз мумкин.
Дастлаб ўзбек футболи ҳақида.
ОЧЛ 2-турида “Локомотив” ғалабани қўлдан бой берди. “Темирйўлчилар” тезкор гол урган бўлишса-да, якунда бир очко ҳам ишлай олишмади
11 март куни Осиё чемпионлар лигаси 2-тур учрашувлари старт олди. Кун доирасидан “Ал Райян” – “Локомотив” ўйини ҳам ўрин олганди.
Баҳсда ҳамюртларимиз тезкор гол уриб, ҳисобни очган бўлишса-да, якунда ғалабани ушлаб қола олишмади.
"Локомотив"нинг илк ҳужуми самарали якунланди. Сардор Мирзаев - Тимурхўжа Абдухолиқов - Диёржон Туропов учлиги уюштирган ҳужум голга айланди. Абдухолиқов марказга узатган тўпни Туропов осонлик билан дарвозага жойлаб қўйди. Ўша ҳолатда Диёржон Туропов офсайдда тургандек таассурот қолдирганди. Такрорий лавҳа ҳам ҳамюртимизни ўйиндан ташқари ҳолатда эканлигини кўрсатди. Аммо ҳакам голни инобатга олди.
"Ал Райян" ўйинни "Локомотив" майдончаси тарафга кўчиришга ва тизгинни қўлига олишга эришди. "Локо"да эса қарши ҳужумда ажойиб вазият юзага келди. Абдухолиқов ва Зотеев комбинация орқали чиройли юришни амалга оширди. Лекин Зотеев ўзи учун ноқулай бўлган ўнг оёғида кутилганидек зарба беролмади.
Сен урмасанг, сенга гол уришади деган нақл яна ўз исботини топди. "Локомотив" сал аввал вазиятдан фойдалана билмади. Мезбонлар эса жавоб ҳужумида ҳисобни тенглаштиришди. Чап томондан жарима майдончаси ичига кириб келган Лукка дарвозанинг яқин бурчагига йўналтирган тўпни Жавоҳир Илёсов бартараф этишга улгурмади.
Биринчи таймнинг ўзида ҳисобни тенглаштирган майдон эгалари танаффусдан сўнг босимни янада оширишди. Натижада, 58-дақиқага келиб, Жилсон Соуза шогирдлари ғалаба тўпини киритишди.
"Ал Райян" футболчилари ташкил этган ҳужумни иккинчи қаватда бартараф этмоқчи бўлган Анзур Исмоилов тўпни рақиб футболчиси Сорияга "совға" қилди. Куинтана кучли зарба орқали Ривасга пас берди. У эса бир ҳаракат билан дарвозани ишғол этди.
Учрашувдан олдин рақиб жамоада муаммолар борлиги, охирги учрашувларда йирик мағлубиятлар қабул қилиб олгани ва бошқа сабаблар туфайли “Локомотив” фаворит саналаётганди. Аммо “темирйўлчилар” ҳисобдан келиб чиқиб ўйнашди ва имкониятни бой беришди.
Ўйинни Фёдоров шогирдлари жуда яхши бошлашди. Тезкор ва чиройли ҳужумдан кейин гол урилди. Очиғини айтиш керак, кўпчилик бундай стартни кутмаганди. Хатто дарвоза ишғол қилингандан кейин ҳам сафарда тўп тепган вакилларимиз ташаббусга эришишганини ва бир неча бор хавфли вазиятлар яратишганини барчамиз гувоҳи бўлдик. Ҳужумлар хатто чиройли ҳаракатлар билан амалга оширилди. Афсуски, "Локомотив" ишончли ўйинни натижада акс эттира олмади ва ғалаба қозониш керак бўлган баҳсда ютқазди.
“Пахтакор” ўзига келмоқда. Арвеладзе ўзимизнинг маҳаллий футболчилардан ҳам яхши жамоа тузса бўлишини сезди. Тўғри, таркиб деярли терма жамоа. Шунга яра ўйин ҳам чиройли кўриниш олмоқда
"Пахтакор" Чемпионлар Лигаси 2-турида "Ал Аҳли"ни қабул қилди. Қизиқарли кечган беллашувда “шерлар” Марат Бикмаевнинг ягона голи эвазига 3 очкони қўлга киритишди.
Учрашув "шерлар" устунлиги остида кечди. Бўлим ўрталарига келиб, тўлиқ ташаббусга эришган ҳамюртларимиз кетма-кет хавфли вазиятлар яратишга тушишди.
Марат Бикмаев йўллаган зарбага аниқлик етишмади. Одилжон Ҳамробековнинг аниқ зарбаси йўлига эса Муҳаммад Аловайс ғов бўлди. 26-дақиқада эса Драган Чераннинг яқин масофадан боши билан берган зарбасидан сўнг тўп устунга тегиб қайтди. Биринчи таймда ташкил этилган ҳужумлар самара келтирмади.
Танаффусдан сўнг "Пахтакор" янада шиддат билан олдинга ташланди. 62-дақиқада 30 метрлар узоқликда белгиланган жарима зарбасидан Бикмаев тўпни ерлатиб дарвозага аниқ йўллади ва ҳисобни очди - 1:0. Ушбу вазиятда Машарипов ва Ҳамдамовнинг ҳаракатларини ҳам эътироф этиш даркор. улар тана ҳаракатлари орқали рақибни чалғитишди.
Марат шу тариқа “Пахтакор” жамоаси сафида Чемпионлар Лигасида 4 ўйинда 4 гол уришга эришди. Ажойиб натижа!
78-дақиқада Машариповнинг узатмасидан сўнг Бикмаевнинг аниқ зарбасини меҳмонлар посбони бартараф этди.
Энг қизиғи, дарвоза ишғол қилингунга қадар мухлислар Шота Арвеладзедан Бикмаевни алмаштиришни сўрашаётганди. Аммо у гол уриб қаҳрамонга айланди. Ўз навбатида ишқибозларнинг сўрови амалга оширилди. Маратнинг ўрнини Игорь Сергеев эгаллади ва у олқишлар садоси остида майдонни тарк этди.
Рақиб сафидагилардан Семедо энг қулай вазиятни қўлдан бой берди. "Пахтакор" Бикмаевнинг голи эвазига "Ал Аҳли"дан устун келди.
Дерби ғолиби пешқадамга айланди. “Пахтакор” амалдаги чемпионни таслим этди. Бу орқали “шерлар” шаштлари анча баландлигини кўрсатишди.
16 март куни “Пахтакор” ва “Локомотив” 6 кун аввал ўтиши керак бўлган “Тошкент дербиси”да майдонга тушишди. ПФЛ мутасаддиларининг маълум қилишларича, ушбу клубларнинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги ўйинлари борлиги учун “шерлар”нинг истагига кўра Суперлиганинг илк туриданоқ тақвимда ўзгариш кузатилди. Баҳс санасининг кўчирилиши эса “Пахтакор”га қўл келди.
Учрашув ЎФФнинг собиқ раҳбари Мираброр Усмоновнинг хотираси учун бир дақиқалик сукут билан бошланди.
Ўйинда ташаббусга эга бўлиб, кўплаб имкониятлар содир этган "шерлар" буни ҳисобда ҳам акс эттиришди. Биринчи таймда Драган Чераннинг икки уриниши ва Ҳожиакбар Алижоновнинг аниқ зарбасидан кейин Жавоҳир Илёсов тўпни қайтариб қолишга эришди. Чераннинг "қайчи" услубида урган голи эса ўйиндан ташқари ҳолат сабабли инобатга олинмади.
Танаффусдан сўнг янада ҳужумкорликни оширган мезбонлар 53-дақиқада ҳисобни очишди. Жалолиддин Машарипов тўпни игорь Сергеевга аниқ узатди ва у яқин масофадан ўнг оёғида тўпни дарвозага йўллади - 1:0.
Кейин эса икки дақиқа оралиғида Черан икки тўп киритишга эришди. Дастлаб Машариповга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Драган унумли фойдаланди. Ушбу ҳолатда “Локо” футболчиси Машариповга тегди. 50/50 бўлган вазиятда ҳакам Шерзод Қосимов майдон эгалари фойдасига қарор чиқарди. Бундай ҳолларда реферилар мезбонларга бироз бўйсунишлари хориж футболида ҳам учраб туради. Бу майдон факторидир.
63-дақиқада Достонбек Ҳамдамов оширган тўпни сербиялик ҳужумчи рақиб дарвозабони устидан "парашют" услубида ошириб ташлади - 3:0. Қойилмақом ижро.
Орадан 10 дақиқа ўтиб, "Локомотив"да сафида захирадан ўйинга қўшилган Арсланмурод Аманов ҳисобни қисқартирди. Туркманистонлик футболчи Давронбек Ҳошимов ўнг қанотдан ошириб берган тўпни тўрга киритди.
Қолган дақиқаларда қарши ҳужумларда вазиятларга эга бўлган "Пахтакор" бундан фойдалана олмади.
"Пахтакор" Суперлигани "Локомотив" устидан ажойиб ғалаба билан бошлади ва илк турдаёқ пешқадамга айланди. Дастлабки турнинг 6 та ўйинидан 5 тасида дуранг қайд этилганди. Фақатгина “Сўғдиёна” Жиззахда “Бунёдкор”ни 2:1 ҳисобида таслим этганди холос. Шу тариқа, Шота Арвеладзе шогирдлари тўплар фарқига кўра Сергей Лушчан жамоасидан ўтиб кетди.
Қизиғи шундаки, Марат Бикмаев ўтган йили “Локомотив” сафида “Пахтакор”га қарши баҳсда мухлисларга қилган ноўрин ҳарактлари учун дисквалификация қилинганди. Тақдирни қарангки, Марат бу мавсум ўша четлатишнинг таъсири туфайли ўзининг собиқ жамоасига қарши беллашувни ўтказиб юборди.
ЕЧЛнинг кетма-кет 3 карра ғолиби “Реал Мадрид” мусобақани тарк этди. Роналду эса Мадриддаги мағлубият ва Симеонедаги аламини Туринда ортиғи билан чиқариб олди. ПСЖ эса шунчаки катта пуллар айланадиган аммо натижага келганда ўша евролар иш бермайдиган клуб эканлиги яна бир бор кўринди. ЕЛда ҳам ўзига яраша қизиқ натижалар кузатилди.
ЕЧЛ нимчорак финал жавоб баҳсларида кутилмаган натижалар қайд этилди. Биринчи тўқнашувда имкониятни бой берган жамоалар иккинчи баҳсда вазиятни ўнглашганига гувоҳи бўлдик. Энг катта шов-шув Мадрид, Турин, Париж ва Портуда рўй берди.
“Реал” сафардаги ғалабадан ортиқча руҳланиб кетган ва рақибни менсимагани учун ўз уйида “Аякс”га қаршилик кўрасата олмади. Якунда ЕЧЛнинг кетма-кет 3 карра ғолиби мусобақани тарк этди.
“Атлетико”да ҳам деярли ҳудди шундай вазият. “Матрасчилар” “Ювентус”га 2 та гол урганларидан сўнг Туринга шунчаки расмиятчилик учун ташриф буюргандек кўринишди. Натижада, Роналдуси бор “Юве” испанияликларни дастлабки ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлишларига қарамай, чорак финалдан махрум қилди. Португалиялик юлдузнинг хет-триги мезбонлар жонига оро кирди.
ПСЖ бу йил ҳам вазифани уддалай олмади. Манчестерда ишончлик ҳисобда зафар қучган Томас Тухель шогирдлари Парижга асосий таркибсиз ташриф буюрган “Манчестер Юнайтед”дан енгилишди. Ушбу мағлубият яна жамоа мухлисларини ранжитди.
“Рома” Римда “Порту”ни таслим этганди. Буни қаранг-ки, португалияликлар ҳам биринчи тўқнашувдаги мағлубият аламини олишди. Ўз уйларида кечган баҳсда майдон эгалари ижобий натижа кўрсатишди ва кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишди.
Шунингдек, “Ливерпуль” Англияда “Бавария” билан дуранг ўйнаганди. Мюнхендаги қарама-қаршиликда эса ғалабани ўз томонига оғдирди. “Бавария” охирги 8 йил ичида илк бор чорак финалга етиб бормади. Қолган учрашувларда фаворитлар чорак финал тақдирини қийинчиликсиз ҳал этишди.
Натижалар эса қуйидагича бўлди:
Ливерпуль - Бавария 0:0, 3:1
Атлетико - Ювентус 2:0, 0:3
Манчестер Юнайтед - ПСЖ 0:2, 3:1
Тоттенхэм - Боруссия д 3:0, 1:0
Лион - Барселона 0:0, 1:5
Шальке - Манчестер сити 2:3, 0:7
Аякс - Реал мадрид 1:2, 4:1
Рома - Порту 2:1, 1:3
15 март куни мусобақанинг 1/4 финалига қуръа ташланди ва жамоалар рақибларини билиб олишди.
Тоттенхэм - Манчестер Сити
Манчестер Юнайтед - Барселона
Аякс - Ювентус
Ливерпуль - Порту
Дастлабки ўйинлар 9-10 апрель кунлари ўтказилса, жавоб баҳслари 16-17 апрелга белгиланган.
ЕЛ: Мусобақа фаворити “Севилья” шу босқичда тўхтади
ЕЛда ҳам нимчорак финал жавоб баҳслари ўтказилди. Бу мусобақада ҳам эътиборни тортадиган натижалар қайд этилди. "Арсенал" камбэкка эришди, "Интер" ва "Севилья" сенсацион равишда турнирни тарк этди. Натижада, “Севилья” клуби раҳбарлари жамоа бош мураббийини истеъфога чиқарди.
Нимчорак финал натижалари билан танишинг:
Валенсия - краснодар 2:1, 1:1
Зенит - Вильярреал 1:3, 1:2
Челси - Динамо К 3:0, 5:0
Наполи - Зальцбург 3:0, 1:3
Айнтрахт - Интер 0:0, 1:0
Ренн - Арсенал 3:1, 0:3
Динамо Зг - Бенфика 1:0, 0:3
Севилья - Славия 2:2, 3:4
1/4 финалга қуръа ташлашланганидан сўнг жуфтликлар қуйидача кўриниш олди:
Арсенал - Наполи
Вильярреал - Валенсия
Бенфика - Айнтрахт
Славия – Челси
Биринчи ўйинлар 11 март куни ўтказилса, жавоб учрашувлари 18 март куни бўлиб ўтади.
Фикрлар