"Ҳакамнинг қарорлари ўрганиб чиқилади, энди хотиржаммиз". Ҳаким Фузайлов "Бухоро"ни қандай "уйғотгани", "Турон"га қарши ўйин ва ундаги ҳакамлик тўғрисида гапирди
Қайта “уйғонган” “Бухоро” клуби энди анча хавфли рақибга айланди. Про лиганинг 19-турида сафарда “Турон”га қарши қандай ўйнаганини кўпчилик кўрди. 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилган баҳсда ўйин бўйича бухороликлар ғалабага кўпроқ ҳақли эдилар.
Ўйинни бошқарган ҳакамнинг иши эса ҳакамлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилмоқда. Гап нима ҳақида кетаётганини тушунган бўлсангиз керак. “Бухоро” бош мураббийи Ҳаким Фузайлов эса Sports.uz сайтига интервью берди.
- Ҳаким Қаюмович, “Турон” – “Бухоро” ўйинини кўрдик. Беллашув анча шиддатли ўтди. Учрашувдан кўнглингиз тўлдими?
- Ҳа албатта, кўнглим тўлди. Жамоадан хурсандман. Қолаверса, чемпионатда плей-офф бошланди. Бу босқичдаги ҳамма беллашувлар шу руҳда ўтиши табиий. Чунки бир нечта жамоалар ўз олдига Суперлигага қайтиш вазифасини қўйган. Бевосита бошқарувимдаги клубга келсам, ҳеч кимга эътироз билдира олмайман. Йигитларга раҳмат. Улар тўпни кўпроқ назоратида ушлаб турган ҳолда рақибдан устунлик қилишди. Шу сабабдан ҳам баҳс давомида хавфли вазиятларни кўпроқ биз амалга оширдик.
- Учрашув охирида рақиб жарима майдончаси ичида тўп бир эмас, балки икки футболчининг қўлига текканини ҳамма кўрди. Ўз навбатида бунга эътироз билдирдингиз. Лекин ҳакам пенальти белгилашни лозим топгани йўқ. Ўша вазият ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Буларнинг бари ҳис-ҳаяжонлар билан боғлиқ. Ўша вазиятни кўрдим. Ҳа, тўп бир эмас, икки нафар ўйинчининг қўлига тегди. Эътирозимга жавобан эса ҳакам менга сариқ карточка кўрсатди. Албатта, ҳакамлар қўмитаси ўша вазиятни муҳокама қилишса керак. Бундай ҳол ўйинларда юз бериб турадиган оддий вазиятлардан биридир. Шундай маҳалларда эса киши эҳтиросларни жиловлай олмасдан қолади. Менда ҳам шундай ҳол кузатилди.
- Баҳс давомида сизларнинг дарвозангиз томон икки бор пенальти белгиланди. Четдан қараганда ҳам бу жарима тўпига тортадиган ҳолатлардек кўринмади. Сизнингча, ўша пенальтилар шубҳали қарорлар эвазига дарвозангизга қўйилдими?
- Мен бу вазиятлар юзасидан бир нарса дея олмайман. Чунки ҳолатларни кўришдан анча узоқда эдим. Бироқ бундай қарорларни баҳолайдиган ўйин назоратчиси, комиссия аъзолари бор. Боз устига ҳакамлар ишини баҳолаш биз мураббийларнинг эмас, балки уларнинг ваколатига киради.
- Демак, “Бухоро” клуби ҳакамлар устидан ЎФАга арз қилмайди, шундайми?
- Ҳа, бундай йўл тутмайди. Қолаверса, ўйиндан кейин ундаги айрим қарорлар ўрганиб чиқилиши хусусида маълумот тарқатилди. Шу сабабдан бу масалада хотиржаммиз.
- “Бухоро” охирги пайтга келиб буткул бошқача – ҳужумкор ўйин намойиш этишга тушди. Айтмоқчиманки, клуб ўйини “очилди”. Сиз бунинг учун нимани ўзгартирдингиз?
- Албатта, профессионал футболда ниманидир дарҳол ўзгартириб бўлмайди. Бунинг учун вақт керак. Назаримда, таркиб барқарорлашди. Шу сабабдан ҳам клуб ўйинида ўзгариш кўзга ташланмоқда. Асосийси, бизда жанговар ҳолатдаги жамоа шаклланган. Устига-устак “Бухоро” ўз олдига қўйилган вазифани бажариш ҳаракатига киришган. Мавсумнинг биринчи қисмида амалга оширилган ишлар ўз мевасини бера бошлади, десам муболаға бўлмайди. Бу бутун жамоа – раҳбарият, ходимлар, мураббийлар ва футболчиларнинг астойдил қилаётган ишлари туфайли рўй бермоқда. Агар клубни Суперлигага қайтара олсак, шунда ҳаммамиз яхши ишлабмиз, деб баралла айта оламиз.
- “Бухоро”га янги келган футболчилардан кўнглингиз тўляптими?
- Боя айтганимдек, бутун жамоадан хурсандман. Бевосита янги ўйинчиларга тўхталсам, улар бошқа шериклари билан машғулотлар ва учрашувлар пайтида осонликча тил топиша олишни уддалашди.
- Охирги савол: ўтган йили “Динамо” клубини Суперлигага олиб чиққандингиз. Гувоҳи бўлиб турганингиздек, жорий мавсумда “Динамо” яққол аутсайдер бўлиб турибди. Шу боис чемпионат давомида клубда мураббийлар алмашяпти. Айтинг-чи, агар жамоани ўзим бошқаришда давом этганимда “Динамо” шу аҳволга тушмаган бўларди, деган фикр хаёлингиздан ўтадими?
- Мен энди “Динамо”да эмасман. Шу сабабли бу борада бир нарса дейишим амримаҳол. Аммо, албатта, собиқ жамоамни бундай аҳволда кўриш мени изтиробга солмасдан қўймаяпти. Бироқ жамоа ичида нималар рўй бераётганидан мутлақо бехабарлигим туфайли бу ҳақида гапиришим тўғри бўлмайди. Фақат шуни айтишим керакки, Самарқанддек ажойиб шаҳар вакилининг Суперлигадаги аянчли ҳолини кўришдан ачинаётганим айни ҳақиқат. Назарий жиҳатдан “Динамо”да Суперлигада жон сақлаб қолиш имкони бор. Мавсум тугашига ҳали 7 тур қолган. Лекин бу ишни уддалаш қийин бўлиши турган гап. Клубга қолган ўйинларда омад тилаб қолишдан бошқа чорам йўқ.
Фикрлар