Ҳаммани лол қолдирган блогер, Канелонинг тахти, Пакьяо кетиши ёхуд 2021 йил профессионал бокс оламида содир бўлган энг муҳим воқеликлар

  • 30 декабрь, 2021, 23:45
  • 0
  • Бокс

Пандемия туфайли 2020 йилда бокс саноати ҳам молиявий инқирозни бошдан кечирди. Минглаб мухлисларни йирик ареналарга тўплаш имкониятидан мосуво бўлгач, бокс оламида йирик танаффус вужудга келди. 2021 йилнинг май ойида замонавий бокснинг рамзига айланиб улгурган мексикалик суперюлдуз Сауль “Канело” Альварес ўша сукунатни бузди ва минглаб бокс ихлосмандларини ареналарга қайтарди. Унинг англиялик Билли Жо Сондерсга қарши жангини томоша қилиш учун Техасга 73 мингдан зиёд томошабин йиғилди ва бу билан АҚШ бокс кечаларининг кўплаб рекордларини янгилади. Шу жангдан сўнг бокс аввалги фаоллигини тиклади ва йил сўнгигача бир қатор катта жанглар ўтказилди. Айниқса, йилнинг сўнгги чораги мухлисларни анча хушнуд этди: супероғир вазн қироллари – Тайсон Фьюри ва Деонтей Уайлдер трилогияси Фьюрининг ушбу тўқнашувдаги умумий ғолиблиги билан якунланган бўлса, Сауль Альвареснинг Плантни енгиши уни супер ўрта вазнда (76,2 кг) тарихдаги илк мутлақ чемпионга айлантирди.

5_1

Шубҳасиз, 2021 йил ижтимоий тармоқлар юлдузи Жек Полни боксчи сифатида кашф этиб берди. Ортда қолган йилда Жек уч маротаба пуллик трансляция қилинган бокс кечаларининг асосий жангида рингга чиқди.

Шунингдек, 2021 йил узоқ кутилган ва амалга ошмаган йирик жанглар билан ҳам эсда қолди. Бу ҳолат аллақачон бокснинг ажралмас қисмига айланиб бўлган.

Фьюри-Жошуа жангининг бекор қилиниши

i

Барча бокс мухлислари бу воқеликни йилнинг энг ёқимсиз хотираси сифатида тан оладилар. Аслида кўплаб муваффақиятсиз музокаралардан сўнг томонлар 14 августда Саудия Арабистонида жанг ўтказишга келишгандилар. Бу жанг супероғир вазн тарихидаги энг кассабоп жангга айланиши кутилган эди.

Аммо жангга оз фурсат қолганида WBC ташкилоти Фьюрини Уайлдерга қарши 3-жангини ўтказиши ва шу орқали WBC жаҳон чемпионлик камарини ҳимоя қилажаклигини эълон қилди. Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ, тўғрими? Фьюри Уайлдер билан трилогияни якунлайди, унгача Жошуа WBО камари учун мажбурий даъвогар бўлган украиналик Олександр Усикка қарши жангини ўтказиб олади. Кейин эса келишилган Фьюри-Жошуа жанги ўтказилаверади. Ҳаммаси тушунарли, шундай эмасми?

Аммо воқеалар ривожи кутилганидек бўлиб чиқмади. Жошуага қарши жангдан олдин потенциалига етарли баҳо берилмаган украиналик Олимпиада чемпиони Олександр Усик Жошуани ўз уйи – Лондонда ер тишлатди ва жангдан олдинги барча тахминларни чиппакка чиқарди. Жангда Жошуа жуда ночор кўринди, афтидан, у мухлислар кутган, Фьюри билан камида ўн йилликнинг энг яхши жангини ўтказиб бера оладиган боксчи бўлиб гавдаланмади. Мағлубиятдан сўнг Энтони дарҳол реванш сўради. Реванш ўтказилиши аниқ, аммо энди жанг кўп эҳтимол билан Усикнинг юрти Украинада ўтказилиши ва бу шундоқ ҳам ғалабаси сўроқ остида турган Жошуани янада қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин.

Тайсон Фьюри ўз ишини қилди, трилогияда Уайлдерни енгди. Жошуа-Усик реванш жанги баҳорга режа қилинмоқда, шу туфайли Фьюри навбатдаги жангини бошқа бир британиялик мажбурий даъвогар – Диллиан Уайтга қарши ўтказиши эҳтимоли юқори бўлиб турибди. Мана шундай чигал вазият асносида узоқ кутилган Фьюри-Жошуа жанги ҳеч қачон ўтказилмайдиганга ўхшамоқда. Бу тўқнашув ўзининг актуаллигини йўқотиш арафасида турибди. Чунки реваншдаги яна бир ғалабадан сўнг Усик-Фьюри жанги дивизионнинг энг катта жангига айланиши кутилмоқда.

Жек Полнинг парвози

2_4

Жек Полни бутун дунё ижтимоий тармоқлардаги машҳурлиги билан танийди. Унинг боксдаги илк қадамлари 2020 йилда ҳақиқий бокс афсоналари бўлган Майк Тайсон ва Рой Жонсларнинг жанг кечасида ташланган. Ўшанда Пол Нейт Робинсонни чуқур нокаут ҳолатига туширганди. Аммо 2021 йилда Пол боксга анча жиддий ёндашди.

Жек Пол биринчи марта шу йилнинг апрель ойида пуллик трансляция қилинувчи бокс кечасининг асосий жанги иштирокчисига айланди. Унинг рақиби собиқ Беллатор чемпиони Бен Аскрен эди. Собиқ ММА устаси биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратилди.

Шундан сўнг Жек Шоу тайм билан шартнома имзолади ва бу компания унинг жангларини ташкиллаштиришни ўз зиммасига олди. Даставвал, Пол август ойида собиқ UFC чемпиони Тайрон Вудлини саккиз раундлик жангда очколар эвазига мағлуб этди.

Жек Пол декабрь ойида профессионал боксчи Томми Фьюрига қарши жанг қилиши келишилди, аммо жангга оз фурсат қолганида Фьюри жароҳати туфайли жангда қатнаша олмаслигини билдирди. Жангга 72 соатдан кам фурсат қолган бу пайтда Тайрон Вудли реванш жангида чиқиш истагини билдирди ва натижада реваншнинг олтинчи раундида қақшатқич нокаутни қабул қилиб олди.

Кириб келаётган 2022 йилда Жек Пол ва ниҳоят, профессионал боксчиларга қарши рингга чиқиши мумкин ва балки ана шунда унинг асл даражасини кўриш имкониятига эга бўламиз.

Енгил вазн диққат марказида

4_3

Профессионал боксда ҳар доим оғир вазн тоифасига кўпроқ қизиқиш бўлгани шубҳасиз. Аммо 2021 йилда енгил вазн тоифаси (61,2 кг) ҳам энг қайноқ воқеликлар билан муҳлислар эътиборида бўлди.

Энг кутилмаган воқелик ноябрь ойида содир бўлди. WBC Franchise, WBА, WBО, IBF камарларини Ломаченкодан тортиб олган Теофимо Лопес ва даъвогар Жорж Камбосос ўртасидаги узоқ кутилган, роппа роса 8 марта қайта белгиланган учрашув бўлиб ўтди. Кўпчиликнинг фикрида Лопес жангда яққол фоварит эди. Лекин баҳс бошиданоқ Камбосос бу жангга шунчаки келмаганини исботлаб, Лопесга қийинчилик туғдирди. Ҳатто 1-раундда уни нокдаун ҳолатига ҳам туширди. Шу тариқа Лопес камарларини бой берди.

Шунингдек, Комбосос ўз жангидан сўнг уйи Австралияга қайтишга шошилмади. Вазндаги муҳим қарама-қаршиликларни шаҳсан аренада кузатиб борди.

Биринчиси, Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтиб, унда WBC чемпиони Девин Ҳейни Джозеф Диасдан устун келди. Бир кун ўтиб, Жервонте Девис Исак Крузни очколар бўйича мағлуб этди.

Вазндаги сўнгги жанглар орасида энг зўри дея Ломаченко ва Ричард Комми баҳсини айтиш мумкин. Ломаченко рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда ғалаба қозонди.

2022 йилда Комбососга ким рақиб бўлиши кўпчиликни қизиқтирмоқда. Бу Ломаченко, Ҳейни, Девис ёки руҳий тушкунликдан қайтувчи Райан Гарсия бўладими, буни янги йилда билиб оламиз.

Йил кетиши

3_4

2021 йилда кўплаб кучли боксчилар фаолиятларини тугатганликларини эълон қилдилар. Замонавий бокснинг энг ҳурматга сазовор боксчиларидан бири – Шон Портер Теренс Кроуфордга мағлуб бўлгач, карьерасига нуқта қўйди. Лондон Олимпиадаси чемпиони Луюк Кемпбелл эса Райан Гарсияга енгилгач, қўлқопларини михга илди.

Аммо “йил кетиши” номига бошқа инсон ҳаммадан кўпроқ муносиб. Ахир у бокс тарихида саккиз вазнда чемпионлик камарини қўлга киритган, тўртта ўн йилликда жанглар ўтказган, P4P рейтингининг узоқ йиллик етакчиси ва бокс “юраги” бўлган АҚШ да америкалик боксчилардан ҳам кўпроқ мухлис тўплай олган кам сонли қаҳрамонлардан бири – Мэнни “Пакман” Пакьяо. Унинг сўнгги жанги Йорденис Угасга қарши мағлубияти бўлиб тарихда қолди. Сўнгги ғалабаси эса 41 ёшида ўша вақтдаги енгилмас чампион Кит Турманга қарши бўлди.

Мэнни Пакьяони олдинда май ойида бўлиб ўтадиган Филиппин президентлиги учун сайловлар кутмоқда. Пакьяо боксда ўзидан ўчмас из қолдирди. Унинг боксга берадиган бошқа нарсаси қолмади, у барчасини рингда қолдириб кетмоқда. Орадан йиллар ўтиб ортга назар солинганда, “Пакман” ўзидан қандай улкан мерос қолдирганлиги тушуниб етилади, ҳозир буни тўлиқ ҳис қилишнинг имкони йўқ. Тарих ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди, бу айни ҳақиқат. Ишончимиз комилки, бокс тарихида ҳақида гап кетганда, “Пакьяо даври” фақат ва фақат юксак ҳурмат билан тилга олинади. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Мэнни Пакьяо – 62 ғалаба, 2 дуранг, 39 нокаут.

Инглиз тилидан Бекзод Низомиддинов ва Жалол Ахмедов таржимаси

Манба: ESPN.com

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!