Ҳасанбой Дўсматов ким билан жанг қилиш истагида эканлигини маълум қилди
Рио Олимпиадаси чемпиони ҳамда "Вэл Баркер" кубоги соҳиби ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов ҳозирда профессионал боксда фаолият юритмоқда.
Бугунга қадар у профессионал рингда 4 та жанг ўтказди ва барчасида муддатидан аввал ғалаба қозонди. Шунингдек, у Россиянинг "Мир бокса" промоутерлик компаниясининг мижози ҳисобланади. Яқиндагина янгиланган WBA рейтингининг биринчи ўта енгил вазн (48,9 кг) тоифасида Дўсматов 5-ўринда қайд этилди. Умумий олиб қараганда, ҳамюртимиз тез орада чемпионлик жангида рингга кўтарилиш имкониятига эга.
Шу нуқтаи назардан, биз Ҳасанбой Дўсматовнинг режалари билан қизиқдик.
- Ҳасанбой Тошкентдаги муваффақиятли жангингиздан сўнг, қайсидир маънода чемпионлик жангига яқинлашдим, деган фикрдамисиз?
- Албатта, ҳаракат қиляпмиз. Энди, барчаси промоутерларимизга боғлиқ. Қандай рақибни беришса, жанг қилаверамиз.
- Демак, чемпионлик жангига тайёрсиз?
- Албатта.
- Навбатдаги жанг борасида ўзи бирор янгилик борми?
- Ҳозирча йўқ.
- Ҳаваскор боксда дуч келган қайси рақибингиз билан профида дуч келишни жуда-жуда хоҳлардингиз?
- Сакен Бибосинов билан жанг қилишни истардим.
- Бу аввалги саволимизнинг давоми десак ҳам бўлади. Яъни, сиз 47.6 ҳамда 48.9 кгда ҳам жанг ўтказасиз. Айтингчи, ушбу вазн тоифаларидаги қайси чемпион билан тезроқ рингга кўтарилиш истагидасиз?
- Биринчи ўта енгил вазн (48,9 кг) тоифасида WBA чемпиони Хирото Кёгучи (15-0-10 КО) билан тезроқ жанг қилишни хоҳлардим. У билан жанг қилишга ўзимни тайёр, деб биламан.
Фикрлар