Ҳасанбой Дўсматов: Умид қиламанки, Осиё чемпионатига қадар жароҳатдан фориғ бўламан
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов билан суҳбатда ушбу турнирдаги таассуротлар ва Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёни билан қизиқди.
"Ушбу мусобақа Осиё чемпионати олдидан тайёргарлик вазифасини бажарди. Чунки, мусобақага оз вақт қолди ва иккита жангдан сўнг иштирокимни тугатишим керак эди.
Бокудаги турнир давомида россиялик ва қозоғистонлик рақибларимни мағлубиятга учратдим. Иккинчи жангимда қошимдан жароҳат олдим. Ўша пайт ҳакамлар жангни тўхтатишди. Очколар ҳисобида олдинда бораётганим сабаб баҳсда мен ғалаба қозондим. Осиё чемпионати бошлангунга қадар ҳали вақт бор. Ўйлайманки, жароҳатим унгача тузалади.
Озарбайжондаги мусобақа Таиланддаги Осиё чемпионатига тайёргарликнинг бир қисми эди. Энди қитъа биринчилигига тайёргарликнинг сўнгги босқичини Ангрендаги "Янгиобод" ўқув базасида олиб борамиз. Насиб қилса, кейин Осиё чемпионатига жўнаб кетамиз", - деди Ҳасанбой Дўсматов.
Фикрлар