Ҳасанбой Дўсматовнинг навбатдаги жанги қандай мақомда бўлади?

Хабарингиз бор, 22 май куни Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксда навбатдаги жангини ўтказди. 

У Мексикада махаллий боксчи, мағлубиятсиз одимлаётган Мойзес Гуттересга қарши рингга кўтарилди ва жангнинг 3-раундида нокаут билан ғалаба қозониб, муваффақиятли сериясини давом эттирди. 

Албатта, юртдошимиз ўз вазн тоифасида рейтингда тобора юқорилашга эришмоқда ва ушбу ғалабадан сўнг, унинг чемпионлик жангида иштирок этиш имконияти янада ошиши аниқ. 

Биз бу борада боксчимизнинг ўзи билан боғланиб, навбатдаги жанги қандай мақомда бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Аввало, мазкур ғалаба билан табриклаган ва қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Албатта, бу ғалабамдан кейин имкониятларим анча ошди. Яъни, чемпионлик жангида рингга кўтарилишим мумкин. 

Бу борада менежерларим билан гаплашдим. Улар навбатдаги жангим  минимум вазн (47, 627 кг) тоифасида WBA Super чемпионлик камари учун бўлиши аниқ эканлигини айтишди ва бу борада ишни бошлаб юборишганлигини ҳам маълум қилдилар. Ҳозирда ушбу чемпионлик камари соҳиби таиландлик Тамманун Ньомтронг ҳисобланади. Ўйлайманки, музокаралар ижобий якунланди ва ушбу нуфузли камарини қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

Эслатиб ўтамиз, Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксда 5 та жанг ўтказди ва барчасида ғалаба қозонган.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!