Ҳеч ким танимайдиган футболчи Мбаппенинг рекордини урди

Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг биринчи турида Франциянинг “Монако” жамоаси ўз майдонида “Барселона”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Мезбонларнинг ғалабасини таъминлаган иккинчи голга ҳали танилмаган ёш ҳужумчи Жорж Иленикена муаллифлик қилди.

Тақдирни ҳазилини қарангки, бу ўйинчи замонавий футболнинг энг ёрқин юлдузларидан бирига айланган Килиан Мбаппенинг рекордини йўққа чиқарди.

Иленикена “Монако”нинг Чемпионлар лигасида гол урган энг ёш ўйинчиси сифатида тарихга кирди. Тўп киритган куни Жорж 18 ёшу 34 кунлик эди.  

Килиан Мбаппе эса, “Монако” таркибида Чемпионлар лигасида рақиб дарвозасини биринчи бор ишғол қилганида Иленикенадан 29 кунлик катта бўлган.

Иленикена “Амьен” жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023 йилнинг ёзида 6 миллион евро эвазига “Антверпен”га кўчиб ўтганди. Бельгияликлар иқтидорли ҳужумчини бир йил ўйнатиб, бу ёз “Монако”га 18,75 миллион еврога трансфер қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!