
Ҳимояланишни “ёрворган” Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?
Англия Премьер-лигасининг 27-турида “Манчестер Сити” Лондонга сафар қилиб, “Тоттенхэм” майдонидан уч очко олиб қайтди.
Хосеп Гвардиола шогирдларига уч очко келтирган ягона голни жароҳатдан қайтган Эрлинг Холанд урди.
“Тоттенхэм”нинг қақшатқич ҳужумларини қайтаришда эса, ҳимояни мустаҳкам ушлаган Абдуқодир Ҳусанов алоҳида жонбозлик кўрсатди.
Нуфузли манба – cityxtra.co.uk портали экспертлари “Манчестер Сити” ўйинчиларининг ҳаракатларини баҳолашда Эрлинг Холанд ва Абдуқодир Ҳусановга энг юқори балл бергани айнан мана шу икки футболчи беллашув қаҳрамонларидан бўлганидан далолат беради.
Эдерсон – 8,5:
Учрашувнинг асосий қаҳрамони сифатида бразилиялик дарвозабонни кўрсатиш мумкин. Бу баҳс Эдерсоннинг жорий мавсумдаги энг зўр ўйинларидан бўлди.
Матеус Нуньес – 6:
“Манчестер Сити”нинг 27-рақамли ўйинчиси биринчи бўлимда жуда яхши натижаларни қайд этди. Бироқ ўйиннинг иккинчи ярмида ҳимояда муаммоларга дуч келди.
Абдуқодир Ҳусанов – 8:
Январда таркибга қўшилган ўзбекистонлик ҳимоячи жуда тез ва қисқа муддатда “Манчестер Сити”нинг энг муҳим ўйинчиларидан бирига айланиб бормоқда. Юқори даражада ҳимояланаётган ўзбек футболчисининг “Челси”га қарши дебют ўйинини умуман унутиб юборсак ҳам бўлади. Ҳусанов ҳимоядаги ишларни тартибга солди ва ўз ҳисобига яна бир зўр учрашувни ёздириб қўйди.
Рубен Диас – 7:
“Шаҳарликлар” сардори жуда кам хато қилди. Унинг Абдуқодир Ҳусанов билан ҳамкорликдаги ўйини “Манчестер Сити” мухлисларига манзур келди. Улар бу икки ўйинчининг келажакда ҳам ҳимояни мустаҳкам ушлашидан умидвор.
Йошко Гвардиол – 6:
Хорватиялик футболчи умуман олганда ҳимоянинг чап қанотида анча ишончли ўйнади. Бироқ баҳс давомида шошиб қолган вазиятлар ҳам бўлди.
Нико Гонсалес – 6:
Трансфер ойнаси ёпилиши арафасида келган бу янги футболчи ҳам “Манчестер Сити” таркибига ўрнашиб олди. Нико тўпни назорат қилишга ёрдам берди.
Матео Ковачич – 7:
Тажрибали ярим ҳимоячи бутун учрашув давомида майдон марказида тартиб ўрнатди ва уни назорат остида ушлади. Паслари ва тўпни ушлаб туриш маҳорати кўзга ташланди.
Умар Мармуш – 5:
Учинчи янги ўйинчи ҳам учрашувга таъсир ўтказиш учун жон жаҳди билан ҳаракат қилди. Аммо рақиб ҳимоячилари унга имконият бермади. Натижада Мармуш Фил Фоденга ўрнини бўшатиб берди.
Жереми Доку – 7,5:
Дриблинг устаси бўлган Доку биринчи бўлимда мезбонлар ҳимоячиси Педро Поррони анча қийнаб қўйди. Иккинчи бўлимда ҳам ўз қанотида фаол ўйнади.
Савиньо – 5:
Бу гал ўйини кутилган даражада бўлмади. У ҳисобдаги фарқни ошириш учун жуда зўр имкониятга эга бўлганди. Лекин ундан фойдалана олмади.
Эрлинг Холанд – 8:
Норвегиялик тўпурар майдонга қайтганини гол билан нишонлади. Ҳужум чизиғида ўткир ҳаракатлари ва жисмоний қуввати билан ажралиб турди.
Фил Фоден – 6:
Англия терма жамоаси ўйинчиси 74-дақиқада майдонга тушиб, майдон марказида устунликни ушлаб туришга ҳаракат қилди.
Бернарду Силва – 5:
Португалиялик юлдуз бу гал ўйинга таъсир ўтказа олмади. Шу билан бирга ўйин кўриниши бузгани ҳам йўқ.
Фикрлар