Ҳумоюн Бекмуродов ФИДЕ спорт устаси унвонини қўлга киритди

Мамлакатимизнинг ёш ва иқтидорли шахматчиларидан бири, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Ҳумоюн Бекмуродов янги даражага кўтарилди, у ФИДЕ спорт устаси унвонига сазовор бўлди.

Ушбу ёш шахматчимиз шу кунга қадар ўсмирлар ўртасидаги кўплаб мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек, 2020 йилда ўтказилган шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритган ҳолда якунда “Спарк” автомашинаси билан тақдирланган эди.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси Ҳумоюн Бекмуродовни ушбу муваффақият билан табриклайди ва тез орада халқаро гроссмейстер даражасини ҳам қўлга киритишида омад тилайди.

Эслатиб ўтамиз, дунё тарихидаги энг ёш гроссмейстер мақомини 2021 йил 30 июнда ҳинд миллатига мансуб бўлган америкалик Абхиманю Мишра қўлга киритган. У атиги 12 ёш, 4 ой, 25 кунлигида шахматдаги энг юқори даражага кўтарилди. Бунгача нақд 19 йилдан зиёд вақт давомида жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери мақомини россиялик Сергей Карякин ўз қўлида сақлаб турган. Шунингдек, ҳамюртларимиздан Жавоҳир Синдаров ҳамда Нодирбек Абдусатторов ҳам гроссмейстерлик талабини бажарган дунёдаги энг ёш шахматчилар сафидан жой олганини алоҳида таъкидлаш керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!