Ҳусанов “Челси”дан келган юлдузга тезлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўйди!
“Ланс” УЕФАнинг учинчи турнири – Конференциялар лигасининг гуруҳ босқичига чиқа олмади. Плеф-оффда Грециянинг “Панатинаикос” жамоасига рўбарў келган лансликлар биринчи учрашувда 2:1 ҳисобида ғолиб чиққанига қарамай, Афинадаги баҳсда ўз дарвозасидан жавобисиз иккита тўп олиб чиқди.
Ланснинг асосий ҳимоячиси Кевин Дансо тиббий кўрикдан ўтиш учун Римга кетгани боис, муҳим учрашувда унинг ўрнини Абдуқодир Ҳусанов эгаллади.
20 ёшли футболчимиз учрашувда тўлиқ ҳаракат қилди ва бехато ўйнади. Киритилган голларда унинг хато ва камчиликлари кузатилмади.
Нуфузи манбалардан бири – lensois.com портали экспертлари ушбу баҳсдан кейин “Ланс”нинг энг яхши ўйин кўрсатган ва ишончли оқлай олмаган учтадан футболчини аниқлаб, уларнинг ҳаракатларига баҳо берди.
Энг яхши уч футболчи:
1. Абдуқодир Ҳусанов – Ёш ўзбек футболчиси юқори савияда ўйин кўрсатди. Абдуқодир ўйинни яхши ўқиди, рақиб футболчиларини ушлаб қолишни яхши уддалади. Бундан ташқари, Ҳусанов “Челси”дан келган машҳур футболчи Маланг Саррга тезкорлик етишмаган вазиятларда унга катта ёрдам берди.
2. Адриен Томассон – Ярим ҳимоячи учун жуда мазмунли учрашув бўлди. Томассон ҳаракатчан эканини кўрсатди, жамоадошларини жуда яхши қўллаб-қувватлади, ҳужумга қўшилиб турди. Бу баҳс Томассоннинг фойдасига ишлаган учрашувлардан бири бўлди.
3. Энди Диуф – Рақиб ҳимоя чизиғига жуда кўп босим уюштиришди, ўткир ҳужумлар ташкил қилди. Ўйинда бор имкониятни ишга солди. Бироқ мезбонлар гол урганидан кейин ўйини сезиларли даражада бўшашди.
Ишончни оқламаган уч футболчи:
1. Флориан Сотока – Муҳим учрашувларда пенальтинидан фойдалана олмасликнинг бадали оғир бўлади. 11 метрлик белгидан зарба беришда рақиб дарвозабонини чалғита олмади ва Драговски зарбани бартараф этишда қийинчилик кўргани йўқ. “Ланс” пенальти тепадиган бошқа ўйинчи топиши керак.
2. Маланг Сарр – Узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолиб келган футболчига дарров ўзини кўрсатиш қийин бўлиши олдиндан маълум эди. Баҳс давомида Пеллистрига қарши туролмади ва айнан мана шу футболчи гол урди.
3. Анжело Фульжини – Ҳужум уюштиришда кўп ҳолларда жуда бўш ўйнади. Олдинги чизиқда жамоадошларига айтарли ёрдам бера олгани йўқ.
Шу тариқа, “Ланс” халқаро майдондаги юришини тўхтатишга мажбур бўлди. Уилл Стилл шогирдлари бор эътиборини Франция чемпионати ва мамлакат кубоги мусобақаларига қаратади. Дастлабки икки турдан кейин лансликлар юз фоизлик натижа билан пешқадамлар сафида бормоқда.
Жамоа олдига мавсумни юқори ўринларда якунлаб, келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олиш вазифаси қўйилган.
“Ланс”да ва Ҳусанов атрофида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда!
Фикрлар