![](https://static.sports.uz/crop/5ad84f2ddb137d08117de5f62c69135a.jpg)
Ҳусанов “Тоттенхэм”га ўтиб кетмасин! Суперклуб Абдуқодирга таклиф берадиган бўлди
Қишки трансферлар ойнаси очилишига тобора кам вақт қолмоқда. Европанинг гранд клублари трансферларни режалаш босқичидан амалий ҳаракатлар қисмига ўтадиган бўляпти.
“Челси” истиқболли ва иқтидорли ёш ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олиш дастури бўйича Абдуқодир Ҳусановни трансфер қилишга уриниб кўрадиган бўлди.
ChelseaNews нашрининг маълум қилишича, клуб мутасаддилари Франция чемпионатида ўрқин ўйин кўрсатаётган ўзбек ҳимоячи трансфери масаласида “Ланс”га мурожаат қилади. “Аристократлар” 20 ёшли ҳимоячига Англия Премьер-лигасининг бир неча клуби ва Франциянинг ўзидан ПЖС жиддий қизиқиш билдираётгани боис, трансфер ҳаракатларини тезроқ бошлаши маъқул кўрди.
Айни пайтда “Челси”нинг асосий марказий ҳимоячиси Уэсли Фофана жароҳат туфайли жамоага ёрдам бера олмаяпти. Бироқ бу ўйинчи бир ой ичида яна сафга қайтади. “Челси” мутасаддилари тақвимнинг тиғизлиги ва футболчилар кейинги пайтда кўп жароҳатланаётганини инобатга олиб, таркибга яна бир ёш марказий ҳимоячи олиб келиш бўйича якуний қарорга келган.
“Стэмфорд Бридж” эгалари Абдуқодир Ҳусановни олиш осон бўлмаслигини яхши англаб турибди. Чунки “Ланс” ўз етакчисига қаттиқ боғланиб қолган. Бу орада Ҳусановнинг Transfermarkt порталидаги нархи кескин кўтарилиб, 12 миллион еврога етди.
Лекин харидорларнинг бари лансликлар легионерини бу нархга бермаслигини билади. Англиялик эксперт Майк Макграт Ҳусановнинг трансфер суммаси 25 миллион фунтдан ошишини тахмин қилди.
Бир неча кун олдин Ҳусанов учун курашда “Тоттенхэм” фоваритга айланган эди. Бу жамоа ҳимоя марказида тезкор футболчилар – Мики Ван де Вен ва Абдуқодир Ҳусанов тандемини ташкил этмоқчи.
“Челси” клуби фаолиятини ёритиб келаётган ChelseaNews манбасига кўра, “аристократлар” ўйинчининг рақиб жамоага ўтиб кетишига йўл қўймоқчи эмас ва ана шу мақсадда, январь ойидаёқ Ҳусанов бўйича илк таклифини берадиган бўляпти.
Клуб раҳбарияти агар қишки трансферлар даврида ўзбек футболчисини қўлга киритиш имкони бўлмаса, бу амалиётни ёзга қолдирмоқчи. Лондонликлар мавсумнинг қолган қисмида “Ланс” ҳимоячисининг ўйинлари мунтазам кузатиб боришни режалаштирган.
Шу ўринда, “Челси” Ҳусанов бўйича яна бир вариантни тайёрлаб қўйган. Агар “Ланс” ўйинчининг трансферини ёзга қолдирадиган бўлса, лондонликлар Франция клубига ўзбек ҳимоячисини мавсум охирига қадар ижарага беришни сўрайди. Трансфернинг қолган қисми ёзда бафуржа ҳал қилинади.
Европа матбуоти тарқатаётган хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо ўйинчисига “Пари Сен-Жермен”, “Олимпик Марсель”, “Атлетико Мадрид”, “Наполи”, “Аталанта”, “Байер”, “Ньюкасл”, “Арсенал”, “Тоттенхэм”, “Челси”, “Вест Хэм”, “Лейпциг” каби ўндан зиёд клублар қизиқиш билдирмоқда.
Демак, яқинлашиб келаётган олдиндаги икки трансфер ойнаси даврида Абдуқодир Ҳусановнинг бозори қайнайдиган бўляпти. Легионеримиз атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз.
Фикрлар