Игорь Криушенко: Тўлов амалга ошмас экан, ФИФА "Шўртан"га нисбатан жазо қўллайди
Ўз вақтида Ғузорнинг “Шўртан” клубини бошқарган беларуслик Игорь Криушенко кўзга кўринган ва таниқли мутахассислар сирасига киради. Аслида мана шундай етук мураббийнинг юртимизда ишлагани эътиборга молик эди. Афсуски, унинг “Шўртан”даги фаолияти ўзи истаганчалик чиқмади. Ундан ҳам ёмони клуб билан мураббий ўртасида қарздорлик мавжуд бўлиб, бу иш анча пайтдан бери чўзилиб келди ва ҳаттоки бу масалага ФИФА ҳам аралашганини яхши биласиз.
Игорь Николаевичнинг юртимиздан кетганидан сўнг ишлари ёмон кечмади. Ҳарқалай, у Беларусь миллий терма жамоасига бош мураббийлик қилгани ҳам эътиборга молик. Криушенко ва “Шўртан” ўртасидаги бугунги кундаги ҳолат қандай? Айнан мана шунга ойдинлик киритиш учун Криушенко билан алоқага чиқдик. У эса саволларни жўнатишимизни ҳамда вақт топиб тез орада жавобларини юборишини айтди ва биз шунга амал қилиб, унга ўзимизни қизиқтирган айрим саволларимизни жўнатдик.
- Игорь Николаевич, “Шўртан” клубидан кетганингиздан сўнг, “Торпедо-БелАЗ” ва Беларусь терма жамоасини бошқардингиз. Ҳозир эса Индонезияда ишлаяпсиз. У ерга сизни қандай шамоллар учирди?
- Ҳа, ҳаммаси шундай бўлди. Ўзбекистондан ватанимга қайтганимдан сўнг, “Торпедо-БелАЗ”да ишладим. Кейинчалик мамлакат миллий терма жамоасини бошқардим. У билан УЕФА миллатлар лигаси гуруҳ босқичини ютдик. Шунинг эвазига Беларусь терма жамоаси плей-оффга чиқди ва энди октябрь ойида Грузия билан ЕВРОнинг финал босқичига чиқиш учун учрашади. Индонезияда ишлаш ҳақидаги таклиф миллий терма жамоада муваффақиятли фаолият олиб борганимдан сўнг келди. Шундан кейин федерация билан биргаликда ўртадаги шартномани бекор қилиш ҳақида келишиб олдик ва мен ушбу мамлакатда ишлашга қарор қилдим.
- Юртимизда ишлаган чоғингизда сизни яқиндан билганлар доим илиқ фикрларни айтади. Лекин сиз билан “Шўртан” ўртасида ёқимсиз вазият юзага келган. Клуб шу пайтгача барча қарзларидан қутулдими?
- “Шўртан” устидан ФИФАга арз қилишимга тўғри келди. Чунки клуб шартномада кўрсатилган меҳнат ҳаққимни тўлагани йўқ. Ҳамон қарздор бўлиб турибди.
- Очиғи, “Шўртан”нинг ишлари ва натижалари олдинга силжимаяпти. Устига-устак ФИФА ҳам ғузорликларни огоҳлантирганди. Клуб ҳозирда про-лигада, бундан хабарингиз бўлса керак-а?
- Умуман олганда, 2020 йил 13 август куни ФИФА томонидан “Шўртан”га қарзни тўлаш ҳақида белгилаб қўйилган муддат ниҳоясига етади. Агар тўлов амалга ошмас экан, ФИФА клубга нисбатан жазо қўллайди.
- Сир бўлмаса, ўша пайтда “Шўртан”да қанча маош олардингиз?
- Буни изоҳсиз қолдираман.
- Беларусь терма жамоасидаги фаолиятингиз ўзингиз учун ҳам қониқарли кечдими?
- Юқорида айтганимдек, миллий терма жамоадаги муваффақиятли олиб борган ишим эвазига у эндиликда ЕВРОнинг финал босқичига чиқишга реал даъвогарлик қилмоқда.
- Юртингизда икки нафар ҳамюртимиз – Жасур Яхшибоев билан Шаҳбоз Умаров яхши таассурот қолдиряпти. Оқибатда уларни Беларуснинг икки етакчи клуби дарҳол ўз сафига қўшиб олди. Футболчиларимизни кузатиб боряпсизми?
- Имкон қадар Беларусь чемпионатини кузатиб боряпман. Дарҳақиқат, сизларнинг йигитларингиз менда жуда яхши таассурот қолдирди, айниқса, Яхшибоев. Унга эришаётган ютуқлари билан тўхтаб қолмасликни тилаб қоламан.
- Фаолиятингиз давомида “Шўртан” билан боғлиқ қарздорлик ҳолатлари яна бошқа ишлаган клубларингиз билан ҳам содир бўлганми?
- Йўқ бўлмаган. .
- Ўзбекистондаги фаолиятингиздан қандай таассуротлар қолган? Яна юртимизга қайтиб ишлаш ниятингиз борми?
- Энг яхши ва ижобий таассуротлар. Сизларнинг халқингиз жуда ажойиб. Шунинг учун ҳам агар Ўзбекистонда ишлаш ҳақида таклиф келиб тушса, уни албатта кўриб чиқаман.
Фикрлар