Игорь Сергеев 4-бор

2017 йилги мавсумда рақиблар дарвозасини 13 марта ишғол этган Игорь Сергеев жамоа тўпурарига айланди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. 

Ҳужумчи "Пахтакор" таркибида чемпионат учрашувларида 122 беллашувда 64 гол уришга эришди. Жорий мавсум 13 голдан 3тасини пенальтидан киритди.

Сергеев яна икки тўп киритилишида жамоадошларига сўнгги пасни берган ҳолда иштирок этган. Бир учрашувда у ўртача 2,4 мартадан рақиблар дарвозасига зарба берган. Тўп оширишларининг аниқлиги 78 фоиздан иборат бўлди. Бир ўйинда ўртача ҳужумда 16 яккакурашдан 7тасини муваффақиятли якунлади.

Сергеев 4-марта чемпионат доирасида "Пахтакор" тўпурарига айланди. У 2014 йилдан буён клуб тўпурарига айланмоқда. Кетма-кет тўпурарга айланиш борасида у Биродар Абдураимов (1971-1973), Андрей Якубик (1980-1982) ва Игорь Шквирин (1998-2000) кўрсаткичларини ортда қолдирди. Мутлоқ рекорд Геннадий Красницкийга тегишли бўлиб, у 1963-67 йилларда кетма-кет 5 бор жамоа тўпурарига айланган.

Умумий ҳисобда ҳам рекорд Красницкийга тегишли. Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси жами 10 марта "Пахтакор" тўпурари деган номга эга чиққан. Биродар Абдураимов эса 5 марта турли йилларда жамоа тўпурарлигини қўлга киритган.