Икки нафар курашчимиз Загребда олтин медаль учун курашади

Регламентга кўра, ушбу кун дастурида саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Қувонарлиси, бугунги финал беллашувларида икки нафар ҳамюртимиз олтин медаль учун гиламга чиқишади.

-55 кг вазн тоифасида спортчилар сони кам бўлгани учун беллашувлар айлана тизимида ўтди. Ҳозиргача барча рақибларини мағлуб этиб келаётган Жасурбек Ортиқбоев бугун германиялик Фабиан Шмитни ҳам енга олса, мусобақа ғолибига айланади. Илҳомжон Баҳромов эса кумуш медаль учун италиялик Жиованни Френи билан ҳисоб-китоб қилади. Илҳом Баҳромов кумуш медаль олиши учун ўзи италиялик рақибини, нариги беллашувда эса Ортиқбоев Фабиан Шмитни мағлуб этиши керак.

-60 кг вазн тоифасида Исломжон Баҳромовни туркиялик Аҳмет Уярга қарши финал баҳси кутиб турибди. Баҳромовга ярим финал баҳсида имкониятни бой берган Фируз Тўхтаев эса бронза медали учун курашади.

-67 кг вазн тоифасида Мирзобек Раҳматов бронза медали учун ўтиш босқичида курашса, жаҳон чемпионати финалчиси Арам Варданян (-72 кг) учинчи ўрин учун финляндиялик Микко Пелтокангсни мағлуб этиши талаб этилади.

Афсуски, мусобақада иштирок этган бошқа курашчиларимиз медаллар учун курашни эрта тарк этишди. Эслатиб ўтамиз, бу курашчиларимиз учун узоқ муддатли танаффусдан кейинги илк старт бўлди. Мусобақадан кўзланган мақсад эса спортчиларнинг йирик мусобақалар ҳавосига мослашиб олишларини таъминлашдир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!