Илдар Маматказин: "У бизнинг асосий "қуролимиз"

“Андижон” клуби 21 август куни “Бобур Арена”да “Олимпик”ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб ишқибозларининг кайфиятини кўтарди.

Ўша учрашувни майдон эгалари муносиб ўтказишди ва бу борада жамоа сардори Илдар Маматказиннинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Тажрибали ўйинчи бу борадаги саволларга жавоб қайтарди.

- “Андижон” ўзи учун муҳим бўлган учрашувда қимматли уч очкони қўлга киритди. Ўйин хусусида нималарни айтган бўлардингиз?

- Учрашув оғир бўлди. Буни ўзимиз ҳам билиб тургандик. Чунки озгина босим ҳам бор эди. Стадионимиз очилишида юта олмадик. Умуман, ўз майдонимиздаги иккита ўйинда дуранг ўйнадик. Шунинг учун ҳам ўз уйимиздаги биринчи ғалаба жуда зарур эди. Шу сабабли беллашувдан аввал ўзимиз ҳам осон бўлмаслигини сезганмиз. Лекин ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Мураббийларнинг кўрсатмаларини бажардик. Худога шукр, ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилдик.

- Биринчи даврада сафарда “Олимпик” жамоасига қарши баҳсда сизнинг ягона голингиз эвазига “Андижон” ғалаба қозонганди. Иккала ўйиннинг қандай фарқли томонларини кўрдингиз?

- Биринчи даврада ҳам ўша ўйин оғир бўлганди. Чунки, эсласангиз, учрашув бошида гол урдик. Кейин деярли 90 дақиқа ҳимояландик. Шу томондан ўша баҳс ҳам оғир кечганди. Бу сафарги баҳс иккинчи голгача тенг курашлар остида ўтди. Иккинчи голни урганимиздан сўнг кўпроқ ҳимояни ўйладик ва асосан қарши ҳужумга эътибор қаратилди.

маматказин3

- “Олимпик” дарвозасига голларни легионерлар уришди. Рубин Хебай ҳисобни очди ва Армин Бошняк иккинчи голни киритди. Бу футболчи ўтган сафар ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйганди...

- Биз хурсандмиз. Хебай учта учрашувдан бери гол ура олмаётганди. Мана, у яна голлар уришни бошлади. Бу футболчи бизнинг асосий “қуролимиз”. Худога шукр, Рубин иккинчи даврадаги голлари ҳисобини очиб олди. Худо хоҳласа, Хебай бундан буёғига ҳам голлар сериясини давом эттиради. Янги қўшилган Армин жамоамизга жуда яхши киришиб кетди. Ўзи иккинчи давра бошланишига икки кун қолганида келди. Қойил, у тез мослашиб кетди. Иккита ўйиндан бери чиройли голлар уряпти. Унинг учун ҳам хурсандмиз.

- Учрашувдан кейин шахсан вилоят ҳокимининг ўзи майдонда футболчиларни табриклади ва қўллаб-қувватлади. Бундай ҳолатни кутганмидингиз?

- Ҳокимимиз ҳар ўйинимизга келяпти, фақат ғалаба қозона олмаётгандик. Ҳолбуки, ўзимиз ҳам ютишимизни роса хоҳлаётгандик. Шунчаки, омадимиз келмасдан уйдаги иккита учрашувда дуранг бўлиб қолди. Албатта, вилоят ҳокимининг ўйинга келиб томоша қилишини ўзи биз учун катта мотивация. Худога шукр, барчанинг олдида юзимиз ёруғ бўлди.

маматказин5

- Кейинги тур водий дербисида “Нефтчи”га қарши янада муҳим ўйин кутиб турибди. Бўлажак учрашув олдидан қандай сўзларингиз бор?

- Ҳозир бу Суперлигада осон ўйиннинг ўзи йўқ. Ҳамма учрашув ўзига яраша машаққатли ўтяпти. Табиийки, биз “Нефтчи” билан беллашувга қаттиқ тайёргарлик кўрамиз. Биласиз, бу водий дербиси. Ҳамма тушуниб турибди. Худо хоҳласа, дербида бор имкониятимизни ишга солиб, яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Хавасбек
24/08/2023 01:52
АНДИЖОНГА ОМАД ВА FАЛАБА ТИЛАЙМАН !!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!!
&
Bek 56
23/08/2023 17:50
Яхши сизларга келгуси учрашувда галаба тилаймен