Илгари майдон марказидан гол урган супертўпурар энди терма жамоа учун бошқа ўйнамайман, деди
Чехия миллий терма жамоаси ва Германиянинг «Байер» клуби ҳужумчиси Патрик Шик халқаро миқёсдаги фаолиятини якунлаганини маълум қилди. Бу ҳақда Чехия терма жамоасининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди.
Чехия терма жамоаси АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган жаҳон чемпионатида ўз иштирокини якунлади. Жамоа гуруҳ босқичининг учинчи турида Мексикага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва мусобақани тарк этди.
Патрик Шик ушбу чемпионатда ўтказган уч ўйинда ҳам рақиб дарвозасини ишғол қила олмади. Терма жамоа баёнотида ҳужумчининг миллий жамоа тарихида қолдирган ўрни алоҳида қайд этилди.
- У чех мухлислари узоқ йиллар эслаб юрадиган голлар ва ўчмас лаҳзаларни тақдим этган. Ҳар бир ўйин, ҳар бир гол ва Чехия шарафини фахр билан ҳимоя қилганинг учун миннатдорлик билдирамиз, — дейилади расмий мурожаатда.
30 ёшли Патрик Шик Чехия терма жамоаси сафида жами 56 ўйин ўтказиб, 26 бор гол урган. У айниқса 2020 йилги Европа чемпионатидаги ўйинлари билан ёдда қолган: мусобақада бешта гол уриб, тўпурарлар рўйхатида пешқадамга айланган.
Шу турнирда Шотландия дарвозасига майдон марказидан йўллаган аниқ зарбаси Европа чемпионати тарихидаги энг чиройли голлардан бири сифатида эътироф этилган ва расман мусобақанинг энг яхши голи, деб тан олинган.

Фикрлар