Илҳом Абдуғаниев: "Бу голим ҳам олдингисидан қолишмади"

Иқтидорли ярим ҳимоячи Илҳом Абдуғаниев “Эсхата”га қарши учрашувда жамоамизнинг иккинчи голига муаллифлик қилди.

Қизиғи, у июнь ойида ушбу клубга қарши бўлиб ўтган учрашувда ҳам гол урганди. Шу боис Абдуғаниев “Андижон” матбуот хизмати томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.  

- Илҳом, “Андижон”нинг “Эсхата”га қарши ўйинидан қандай таассурот олдингиз?

- Учрашувдан олган таассуротларга келсак, яхши ўтди деб ўйлайман. Чунки катта “нагрузка”да ҳаракатландик. Негаки, Тожикистондаги йиғинда жисмоний ҳолатимизни янада яхшилаш устида ишлаяпмиз. Шунга қарамай, жамоамиз “Эсхата”га қарши учрашувда яхши томонларини кўрсатди, деб ўйлайман.

- Биламизки, ўтган сафар “Эсхата” дарвозасига жарима зарбасидан гол ургансиз. Бу гал жарима майдони ташқарисидан гол урдингиз. Сизга қайси бири кўпроқ ёқди?

- Ҳа, ўтган сафар жарима зарбасидан гол ургандим. Бу сафар ҳам рақиб дарвозасини ишғол этдим. Голларни чиройига келадиган бўлсак, менимча, жарима зарбасидан урилган гол ўзимга кўпроқ ёқди. Балки бу голим ҳам олдингисидан қолишмади.

- Шу ўринда ёзги йиғин қандай ўтаётгани ва ўртоқлик учрашувларининг фойдали жиҳатлари хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Ҳозирда кўпроқ жисмоний чидамлиликка эътибор бериляпти. Балки кейинроқ тактик жиҳатдан ўйин услубимизни ҳам янада яхшилашга эътибор берилса керак. Ўртоқлик учрашувларида асосан ўйиндаги камчиликлар устида ишлашга ва мураббийларнинг кўрсатмаларини амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Мураббий ҳам ўртоқлик ўйинида машғулотлардаги ишланмаларни кўпроқ қўллашимизни айтиб ўтяпти.

“Андижон” матбуот хизмати.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
13/07/2023 05:25
Яша Ислом сендан яна галабали голлар уришингни кутиб к,оламиз. Олга Андижон галабалар давомли бу'лсин.