Илон Маскнинг МЮни сотиб олиш борасидаги қарори жиддийми?

“Tesla” бош директори Илон Маск “Манчестер Юнайтед”ни сотиб олиш режаларидан воз кечди. У ўзи айтган гапларни шунчаки ҳазил деб атади.

Аввалроқ Маск твиттерда: “Мен “Манчестер Юнайтед”ни сотиб оламан”, деб ёзди. Ушбу хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида катта қизиқиш уйғотди. Улар пост остида 32 мингдан ортиқ изоҳ ва 430 мингдан ортиқ “лайк” босишди.

Кейинчалик фойдаланувчилардан бири "Жиддий айтяпсизми?" деб сўради. Бу саволга тадбиркор шундай жавоб берди: “Йўқ, бу ҳазил. Мен ҳеч қандай спорт жамоаларини сотиб олмайман”.

Айни дамда “Манчестер Юнайтед” америкалик Глейзерлар оиласига тегишли.

Премьер лиганинг дастлабки иккита турида "Манчестер Юнайтед" иккита мағлубиятга учради - "Брайтон" (1:2) ва Брентфорд (0:4). Айни дамда “қизил иблислар” турнир жадвалида сўнгги ўринда бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!