Илёс Зейтуллаев: "Футболчи қолишни истамаса уни мажбурлаб бўлмайди"

“Бунёдкор” – “Андижон” (2:0) ўртасидаги беллашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Илёс Зейтуллаев айрим саволларга жавоб қайтарди.

- Ўйинни яхши бошладик. Бу ғалабани анча кутгандик. Бу йўлда барчамиз бирлашиб ҳаракат қилдик. Бугунги ғалабадан кейин раҳбариятни табриклайман. Улар доим биз билан бирга бўлишяпти ва қўлдан келганича барча имкониятларни яратиб беришяпти. Ғалаба қозонишимиз учун барча шароитларни муҳайё қилиб бермоқдалар. Шунингдек, ғалабада ўйинчиларимизнинг меҳнати катта. Кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатмайман. Бу бутун жамоанинг ғалабаси.

- Бугун ўзига хос тактика танланди ва стандартлардан унумли фойдаландинглар. Бу учрашув учун танланган алоҳида тайёргарликмиди ёки мана шундай услубга ўтдими?

- Алоҳида бирор нимани айта олмайман. Фақат ғалаба учун тайёргарлик кўргандик ва ўз тактикамизни қўллаган ҳолда бор кучимизни ишга солдик. Бугунги уч очко олтинга тенг эканлигини футболчилар яхши ҳис қилишганди ва улар яхши ҳаракат қилишди. Рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини чуқур ўрганиб чиққандик. Беллашувга яхши тайёрландик. Мен мухлис бўлганимда албатта “Андижон”га қарши ўйинни кўриш учун стадионга тушган бўлардим. “Андижон”га ўз ўйинини кўрсатаётгани учун ташаккур айтишим керак. Чунки “Андижон”ни кучли жамоа деб ҳисоблайман. Ўйинни ташкил қилиш бўйича жуда яхши ҳаракат қила оладилар.

- Жамоангизнинг иккинчи даврага тайёргарлик ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Яхши тайёргарлик кўрдик, бизда дўстона муҳит шаклланган. Жисмоний ҳолатимизни ҳам яхшилашга эътибор қаратдик.

- Рақибга қарши қанчалик даражада тайёргарлик кўргандинглар?

- Албатта, сиз ҳам бу спорт турини яхши кўрасиз. “Андижон”ни ўйинлари яхши шаклланган. Ўйин ташкил қилиш ва жисмоний томондан ҳам анча яхши ўйин намойиш қила олади. “Андижон” чемпионатимиздаги жамоавий ўйин кўрсатадиган энг яхшиларидан бири. Шу боис марказда фаол бўлишга интилдик. Асад, Амир каби ўйинчиларни майдонга туширишимиз ҳам ўзини оқлади. Жамоамиз сардори Темурхўжа ҳам анча ёрдам берди, у сифатли футболчи. Ўйинчилар кўрсатмаларимизни аъло даражада уддаладилар. Улар ўйинни яхши ўқий олдилар.

- Биринчи тайм 0:0 билан якунлангач, танаффусдан кейин ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилдингизми?

- Албатта, рақибнинг имкониятларидан келиб чиқиб кўрсатмалар бердик. Чунки “Андижон” ўзига яраша айёр клублардан бири ҳисобланади. Майдонда баъзи-бир жойларда хатоларимиз ҳам кўзга ташланди. Лекин хатоларни тўғрилашга ҳаракат қилишди. Рақибнинг кучли жиҳатларини билганимиз учун ҳимоячиларимиз шунга яраша етарли даражада курашишди. Ҳужумга алоҳида тайёрлангандик ва бир қатор имкониятларни яратдик.

- Маҳмуд Маҳамаджонов “Пахтакор”га кўчиб ўтди. У жамоангизнинг муҳим футболчиларидан бири эди. Шунингдек, ёзда бир қатор легионерлар таклиф қилинди. Улар ҳақида нима дея оласиз?

- У ўзи кетишни хоҳлади. Шунинг учун қаршилик билдирмадик. Маҳоратли ўйинчи эканлигини биламиз. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчи қолишни истамаса уни мажбурлаб бўлмайди. Ўйинчида клубга нисбатан хоҳиши бўлмаса ушлаб туришдан фойда йўқ. Шу боисдан кетишга тўсқинлик қилмадик. Унга омад тиладик. Легионерларга тўхталсам, бизда селекционерлар бор. Уларга қайси позицияларга футболчилар зарурлигини айтишим мумкин. Шундан сўнг чизиқларга мос ўйинчиларни топиш билан шуғулланишади. Бу саволга селекционер мураббийлардан сўраганингиз маъқулроқ.  

- Биринчи бўлим охирларида “Андижон” футболчисига тўпни тезкорлик билан узатиб берган болбойга клуб вакили ва сиз эътироз билдирдингиз. Ёш болага бундай бақириш жуда ёқимсиз ҳолат. Бу ҳолатга нима дея оласиз?

- Биз ўша боладан узр сўрадик. Тўғри айтяпсиз, бу ёмон ҳолат. Айтишим мумкинки, бу “эмоция” пайтида рўй берди. Ўша болбойга ўйиндан кейин футболкамизни совға қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!