Илёс Зейтуллаев: "Мен йигитлар билан қўшилиб эзиляпман"
Суперлигада 17-тур якунланди. Турнинг сўнгги баҳсида "Бунёдкор" жамоаси ОКМК билан куч синашди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Бундай баҳслардан кейин, фикр билдириш қийин. Очиқ ўйин кўрдик. Бундай катта жисмоний ва руҳий зарбадан сўнг футболчи, мураббийлар ва раҳбарларга осон эмас. Биз ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Бу футбол. Айбни ўз бўйнимга оламан.
- Ҳимоядаги муаммолар анча камайгани кўринди, аммо ҳужумда нимадир қўшиш керакдек?!
- Бунга қадар ҳам айтган эдим, қайсидир жамоа майдон бўйлаб устунлик қилган бўлса, бу унинг ўйинни бошқарганини англатмайди. Бугун уюшқоқ, кучли мураббий қўл остидаги яхши жамоага қарши ўйнадик. Шунга қарамай, бизда имкониятлар бўлди. Шунчаки, фойдаланишимиз керак эди. 2-3 гол киритишга етарли эди, имконият.
- Луис Качорри ҳақида фикрингиз?
- У сифатли футболчи. Иштиёқ билан машғулотларда иштирок этмоқда. У иккинчи маротаба ҳужумга 15 дақиқа қолганда майдонга чиқди. Форвард учун бу вақт ўйинга киришиб кетиш учун камлик қилади. Шунга қарамай, мураббий сифатида ундан кўнглим тўлди. Албатта, ғалаба учун бундан кўпроқ ҳаракат қилиш керак.
- "Металлург" билан фарқ қисқараётгани ҳавотирга солмаяптими?
- Футболда руҳий жиҳат катта роль ўйнайди. Ҳаммаси кўриниб турибди. Агар Наманганда ғалаба қозонганимизда, бугун қандай кайфиятда бўлишимизни тасаввур қиляпсизми? Мен йигитлар билан қўшилиб эзиляпман. Улар жуда катта ҳажмда иш бажармоқда. Наманганда ғалаба қозонмаганимиз катта таъсир қилди. Балки ОКМК устидан ғалаба қозонишга ҳаракат қилмаганимизда, дуранг билан кифояланган бўлар эдик. Бугунги бир очко олтинга тенг бўлар эди. Йигитларга эътирозимиз йўқ. Улар дам олгач, кейинги беллашувга тайёргарлик кўришни бошлашади.
Фикрлар