Индонезиядаги мағлубият фожиамиз эмас
Ads

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Жанубий Корея билан ўтган муросасиз ўйинидан сўнг Тошкентга қайтишга мажбур бўлади. Рақиблар дарвозамизга тўртта гол уришди. Биз эса уч бора жавоб тўпини кирита олдик. Аслида биз ўз даражамиздаги биринчи ўйинни ўтказдик!

Осиё жамоалари ҳақида сўз борганда Ўзбекистон ҳар қандай ёш тоифасида Япония, Корея, Эрон қаторида ҳисобланишини хоҳлайман. Сиз ҳам назаримда. Бабаян: "Осиёда кучсиз жамоа қолмади" деган сўзлари билан термамизни ўртамиёна жамоага айлантириб қўйган эди. Биз ҳам Япония, Эрон билан ўйиндан олдин мағлуб бўлиб улгурадиган бўлиб қолдик. Мана шу кўзи ёниб турган футболчилар эса бизга Японияни, Жанубий Кореяни 3 та тўп фарқи билан ютиш мумкинлигини кўрсатди. Иккинчи таркиб билан борганлиги бу бошқа масала.

Равшан Ҳайдаров жамоани Осиё ўйинлари мусобақасига олиб кетаётган таркибни кўриб аввал бошдан бироз жаҳлим чиққан эди. Бунинг сабаблари бор.

Биринчидан, бош мураббий ўзига оғир юкни олди. Айнан мана шу жамоа Осиё ўйинларда ғолиб чиққанлиги сабаб, ҳамма ундан энг юқори натижани кутди.

Иккинчидан, футболчиларимиз ҳам бу босимга тайёр туриши талаб қилинди. Умид Аҳмаджонов ҳам футболчилардан шуни талаб қилди.

Норасмий ўтказилаётган футбол мусобақасидаги ғолиблик бизга нима берар эди? Раҳбариятга бўлган ишончми? Мусобақаларда тажриба орттириш вазифаси қўйилган эди, десак 4-5 ёш кичик болалар билан ўйнашдан не наф?

Ҳайдаров ва Ассосиация учун энг тўғри йўл бу-аралаш, асоси ёшлардан иборат термани Индонезия сафарига олиб кетиш эканлигини ҳозир айтгандан фойда йўқ.

Бундан ташқари, Гонконг жамоасига қарши ўтказилган учрашув олдидан мукофот пулининг эълон қилиниши ҳам бирозгина нохуш ҳолатни олиб келди. Давлат раҳбари томонидан 5 ой олдин тақдирланган футболчилар учун мукофот пули шарт эдими?

Жанубий Корея учун бу ўйиннинг аҳамияти жуда юқори эди. Соннинг ҳарбий хизматидан ҳам муҳимроқ масалалар Кореяни олдинга бошлади. Жанубий Корея миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштирокидан сўнг ўз давлатида илиқ кутиб олинмади. Қишдаги йирик ҳисобда вакилларимиздан учралган мағлубият алами ҳам тарқагани йўқлигини мураббийнинг гапларидан ҳам билиб олишингиз қийин эмас эди. Шундай экан, Корея бу ғалаба учун “жонини фидо“ қилишга ҳам тайёр эди.

Ўйиннинг кичик деталларини алоҳида санаб ўтиш зарур эмас. Камчиликларимиз ва ютуқларимиз борасида ўйлашиб, хулосалар учун “бош қашиш“имиз керак.

Терма жамоанинг мусобақадаги учрашувлари ёрқин таассурот қолдирди. Биз бешта учрашувда 16 та гол урдик. Бундай натижага эришган жамоамизни эслаб топа олмадим, сиз ҳам уриниб кўринг. Демак, жамоанинг ҳужум чизиғидаги муваффақиятли иштирокини олқишлашга ҳақимиз бор. Вьетнамдаги мусобақа қаҳрамонлари ўша мусобақада ҳам сермаҳсуллик намойиш қилишган эди.

Голлардаги сермаҳсулликда ярим ҳимоячиларимизнинг ҳам ҳиссасини кўриб турибсиз. Ҳужумларда хилма-хилликни ярата олишаётган ярим ҳимоячиларимиз терма жамоадаги акаларига ҳақиқий ўринбосарга айлана олишига ишониш мумкин!

Бугунги ҳамда, умумий, барча ўйинлардан шуни айтиш мумкинки, жамоа мураббийлар штаби дарвозабон танлашда адашган. Ҳимоядаги камчиликларни ҳам бартараф этиш қийин эмас. Жамоани асосий термага номзод сифатида қарайдиган бўлсак, улар Анзур Исмоилов ҳамда Тўхтахўжаевлар “соясида“ бемалол тажрибали ҳимоячига айлана олади.

Индонезия сафари жамоа раҳбариятига дарс бўлишини жуда ҳам хоҳлар эдим. Режа ва аниқ ҳаракат орқали мақсадга эришилади. Бугун Индонезияда тўп сурган жамоамиз Олимпия терма жамоамиз эмас - улар Миллий терма жамоамиз ўринбосарлари! Бундан кейинги ёш тоифасидаги норасмий учрашувларга келажакдаги мусобақалар олдидан тайёргарлик сифатида қаралиши мақсадга мувофиқ назаримизда. Бугунги кичик натижалар катта натижаларимизнинг тўсиғи эмас, пойдевори бўлишини истаймиз.

Ўйин атрофидаги яна бир кичик детал. УФА раҳбари ўринбосари футболчиларимизни яна бир бор боксчиларимиз билан учраштирди. Нега? Футболчиларимизнинг эришаётган ютуқлари ринг қиролларидан кам эмас. Жамоавий ўйин ва яккалик спорт ўйинлари бир-биридан фарқ қилади. Бундай учрашувлар фойдадан кўра зарарига ишлашини иккинчи бор гувоҳи бўляпмиз. Балки керак эмасдир.

Купер бугунги ўйинни кўргани, шубҳасиз. Унинг ҳам хулосалари, фикрлари борлиги турган гап. Нима бўлганда ҳам Индонезия бизга кўп нарсани ўргатди.

Бу мусобақада ғолиб бўлишни орзу қилиш - бу бизни Осиё грандларидан ўзимизни бир поғона паст ҳис қилишимизга, оқибатда катта мусобақаларда уларнинг асли кучига нотўғри баҳо беришга олиб келади. Биз ҳам улардек бундай мусобақаларга иккинчи, учинчи даражада қарашимиз ва ёшларга имкон беришимиз фақат ва фақат фойдага ишлайди.

Раҳмат, Индонезия. Раҳмат, Чемпионлар!