Инфантино Балогуннинг дисквалификациясини бекор қилиш ҳақида изоҳ берди
ФИФА президенти Жанни Инфантино АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогун атрофида юзага келган можароли вазият юзасидан илк бор очиқ изоҳ берди.
"Фоларин Балогунни дисквалификация қилиш бўйича ФИФА мустақил интизом қўмитасининг қарори ҳақида жамоатчилик фикрларини ўрганиб чиқдим. Шу муносабат билан яна бир бор ФИФА бошқарувининг асосий тамойилини эслатиб ўтмоқчиман.
ФИФАнинг суд органлари тўлиқ мустақил ҳисобланади. Улар автоном равишда иш юритади, ФИФА Интизом кодексига таянади ва ўзларига тақдим этилган аниқ қоидалар ҳамда фактлар асосида қарор қабул қилади. Уларнинг мустақиллиги футболга бўлган ишонч ва унинг поклигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу тамойилга ҳар доим риоя қилиниши шарт", – деди Инфантино.
Унинг сўзларига кўра, у мунтазам равишда АҚШ президенти билан жаҳон чемпионатига оид масалаларни муҳокама қилади.
"Ҳа, мен доимий равишда АҚШ президенти билан жаҳон чемпионатига оид мавзуларда суҳбатлашиб тураман. Дональд Трамп ҳам айнан шу масала юзасидан менга қўнғироқ қилган. Худди шундай тарзда менга дунё бўйлаб турли давлат раҳбарлари, мансабдор шахслар, футболга алоқадор турли томонлар ва бизнес етакчилари турли масалалар бўйича мурожаат қилади", – дея қайд этди ФИФА раҳбари.
Инфантино суҳбат давомида Трампга бу иш бўйича қарорни мустақил суд органлари қабул қилишини тушунтирганини айтди.
"Суҳбатимиз чоғида мен унга ҳозирда ФИФАнинг мустақил суд органлари иштирокида ҳуқуқий жараён кетaётганини, ушбу иш бўйича якуний қарор тегишли ваколатли тузилмалар томонидан белгиланган тартибда қабул қилинишини баён қилдим. ФИФА тизими айнан шундай ишлайди ва мен ҳар доим шу принципга амал қиламан", – деди у.
Инфантино ўзининг интизом қўмитаси қарорларига муносабатини ҳам очиқ билдирди.
"ФИФА Интизом қўмитаси қарорларини улар эълон қилингач ўқиб чиқаман. Айрим ҳолларда бу қарорлар мени ҳайратга солади. Баъзан уларга қўшиламан, баъзан эса йўқ. Лекин қандай бўлмасин, ҳар доим бу қарорларни ва уларни қабул қиладиган органларнинг автономиясини ҳурмат қиламан.
Қарор бизга шахсан ёқадими ёки йўқми – бу иккинчи даражали масала. Мустақил институтларга ҳурмат ва қонун устуворлигига риоя қилиш – айнан шу нарса мусобақаларимиз ҳалоллигини ва ФИФАга бўлган ишончни доимо ҳимоя қилади", – дея таъкидлади Инфантино.

Фикрлар