“Интер” Шомуродовнинг супер голига муносабат билдирди
А Сериянинг 32-турида навбатдаги чемпионлигига тобора яқинлашиб келаётган “Интер” футболчилари юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган “Кальяри”ни қабул қилди.
Мезбонлар икки маротаба ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса-да, сардинияликлар билан очко бўлишига тўғри келди.
Ўйин қаҳрамонларидан бири Элдор Шомуродов бўлди. Легионеримиз учрашувнинг иккинчи ярмида ҳисобни тенглаштириб, таслим бўлиш арафасида турган жамоасини яна курашга қайтарди.
“Кальяри”нинг иккинчи голини эса, захирадан майдонга тушган Николас Виола киритди – 2:2.
“Интер” бош мураббийи Симоне Индзаги ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашиб, Элдор Шомуродов урган голга муносабат билдирди.
- Бизга қарши ҳеч қачон таслим бўлмайдиган “Кальяри” тўп тепишини билардик. Улар жуда зўр ўйин ўтказишди. Биз “Кальяри”нинг қарши ҳужумлари “қурбони” бўлдик. Мухлисларимизга ачиндим. Энди чемпионлик йўлидаги керакли очколарни бошқа ўйинларда олишга уриниб кўрамиз.
Аслида кўп гол ўтказмаймиз. Лекин Элдор Шомуродов тўп киритган вазиятда дарвозамизни пухтароқ ҳимоя қилишимиз шарт эди. “Кальяри” ҳимояни оча оладиган ва яхши ҳужум уюштира оладиган ҳужумчиларга эга эканини алоҳида таъкидлашни истардим.
“Сан-Сиро” аренасида ажойиб учрашув ўтказган “Кальяри”ни табриклайман. Лекин ўзимиз бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлислар кўз ўнгида ғалаба қозона олмаганимиздан афсусдаман. Биз ҳар доим ғалаба учун ўйнаймиз ва бунинг учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Олдимизда яна олтити ўйин ва 18 очко бор. Шу боис, таслим бўлиш ярамайди. Биз Шомуродов гол урган ҳолатга ўхшаш вазиятлардаги ҳаракатларимизни такомиллаштиришимиз керак. Узоқ масофадан узатилган пас дарвозамизнинг ишғол этилишига олиб келди.
Энди “Милан” билан бўладиган дербига тайёргарлик кўрамиз. Биз учун бўлажак дербининг аҳамияти беқиёс, - деди Симоне Индзаги.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсумда А Сериядаги учинчи голини урди. Бундан ташқари, легионеримиз ҳисобида учта ассист ҳам бор.
Фикрлар