Ирисметов Россия клубларига Ўзбекистон ва Тожикистондан ўйинчи танлаб берди

Жаъфар Ирисметов Ўзбекистон футболида ўзига яраша из қолдирган тўпурарлар ҳисобланади. Собиқ футболчи профессионал фаолияти давомида юртимиздан ташқари Греция, Россия, Украина, Беларусь, Хитой ва Қозоғистон жамоаларида ҳам тўп тепган.

Ўз даврида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон чемпиони бўлган Жаъфар Ирисметов миллий терма жамоамизнинг Қатарда давом этаётган Осиё кубоги нимчорак финалида Таиландга қарши ўтказган учрашуви ва қитъа чемпионатида иштирок этаётган ўзбек ва тожик футболчилари ҳақида фикр билдирди.

IMG_1654

- Энг муҳими – натижа. Таиланд билан ўйиннинг биринчи бўлимида футболчиларимиз тўпни назорат қилди, хавфли вазиятлар бўлди. Беллашувнинг иккинчи ярмида бироз бўшашдик, рақиб ҳужум уюштира бошлади ва ҳатто ҳисобни тенглаштирди.

Ажабланарлиси, Остон Ўрунов яна марказий ҳужумчи сифатида майдонга тушди. Яна соф ҳужумчисиз ўйнаганимиз тушунарсиз.

Диёр Холматовни ўйинга тушуришгани зўр бўлди, вариантлар кўпайди. Натижада Холматов “Пахтакор”да бирга ўйнаган Азизбек Турғунбоевга голли пас узатди. Очиғини айтсам, Ўрунов ўзини кўрсата олмади, энг кучли томонларини қўлламади.

Таиланд билан ўйинда йигитлар бироз толиққандан сал оғирроқ ҳаракат қилди. Ҳозир мураббийлар учун энг асосий масала Қатар билан бўладиган ўйингача футболчиларини тиклаб олиш. Қўшимчасига айрим футболчилар сафга қайтади, танлов имкони бўлади. Бош мураббий ўйинни таҳлил қилиб, камчиликларни бартараф қилади, деб ўйлайман.

Тожикистон терма жамоасида ҳам эътибор қаратиш мумкин бўлган ўйинчилар бор. Масалан, Бирлашган Араб Амирликларига гол урган марказий ҳимоячи Вахдат Ханонов. Ҳозир у жуда яхши ўйнаяпти.

IMG_1058

Ўзбекистода ҳам яхши ёш ўйинчилар бор, улар ҳам жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Мен Россия клубларини Одил Ҳамробеков қизиқтириши мумкин, деб ҳисоблайман. У Россиянинг яхши даражадаги клубида бемалол ўйнаб кета олади.

Остон Ўрунов ҳозир Россия Премьер-лигасига қайта оладими? Албатта, қайта олади. Лекин “Спартак”да ўйнаганида Россияда ундан ижобий таассурот қолмаган. Мен ҳар доим унинг характери оғир эканини айтганман. Балки ҳозир анча улғайгандир. Ўйини масаласида Россия Премьер-лигасида тўп тепа олади. Футболдан ташқаридаги ишлар унга халақит қилмаса, Остон Россиянинг ҳар қандай клубига фойда келтира олади, - деди Жаъфар Ирисметов.

Таъкидлаш лозимки, Вахдат Ханонов 2021 йилдан бери Эроннинг “Персеполис” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Футболчи форслар сафида 36 та учрашувда қатнашиб, биттадан гол ва ассист қайд этган.

Transfermarkt портали экспертлари 23 ёшли футболчининг трансфер суммасини 350 минг еврога баҳоламоқда.

Одил Ҳамробеков мавсумни “Пахтакор” сафида чемпион сифатида якунлади. Ҳамробеков футболчилик фаолияти давомида “Насаф” (Қарши, 2013-2018 йиллар),  “Пахтакор” (Тошкент, 2019-2021 йилнинг 2-давраси – 2023 йиллар), “Шабаб Ал-Аҳли” (Дубай, БАА, 2021 йилнинг 1-давраси) жамоаларида ўйнаган.

Ҳамробеков айни пайтда Қатарда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Осиё кубогида муносиб қатнашяпти.

IMG_1216

Шунга қарамай, моҳир футболчи янги мавсумни “Навбаҳор”да ўтказиши куни кеча расман эълон қилинди.  Transfermarkt портали тажрибали ярим ҳимоячини 1,2 миллион еврога баҳоламоқда.

Марказий Осиёда Элдор Шомуродов даражасидаги футболчи йўқ!

Ўзбекистонни чорак финалга олиб чиққан Файзуллаевга қандай баҳо бериляпти?

Супергол урган Файзуллаевнинг нархи 20 баравар ошади!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!