Ислом Аҳмедов: Мураббийларимизда қандай ўзгаришлар бўлганини иккинчи даврада кўрасизлар!

Юртимиздаги таниқли мутахассислардан бири, инструктор Ислом Аҳмедов мураббийларнинг малакасини ошириш йўлида кўплаб ўқув-курсларини ўтказишидан хабарингиз бўлса керак. Қолаверса, у ОФК инструктори сифатида фаолият олиб боришини инобатга олсак, унда халқаро тажриба ҳам катта. Яқинда эса унинг «Пахтакор» академиясига директор этиб тайинлангани ҳақида ҳам хабар бергандик.

Хабарингиз бўлса, Аҳмедов Суперлига мураббийларига Про дипломи учун навбатдаги ўқув-курсларини ўтказди. Уларнинг тили билан айтганда, 5-модул ўқишлари бўлиб ўтди. Бунда эса Суперлига клубларида бош мураббийлик қилаётганлар ва яна бошқа юртимизда кўзга кўринган мутахассислар иштирок этишди. Натижада инструктор бу сафарги ўқув жараёни қандай ўтгани ҳақида ҳам гапириб берди.

- Мураббийларимизда катта ўзгаришлар бор, - дея гап бошлади, Аҳмедов. - 12 июлда 5-модул ниҳоясига етди. Агар 1-модул билан солиштирсак, катта фарқи бор. Мураббийлар олдин эътибор бермаган жиҳатларига ҳозир астойдил эътибор қаратишяпти. Иккинчи даврада мураббийларимизда қандай ўзгаришлар бўлганлигини кўрасизлар. Нимагаки, 5-модулимиз кучли тарзда ўтди. Сентябрдаги ўқув-курсларимиз эса бундан ҳам кучлироқ бўлади. Қисқаси, мураббийларимизда ўсиш кўриняпти. Бу нарсани ҳамма сезяпти. Тўғри, бу қийин иш, аммо жуда керакли.

Демак, мураббийларимизга бундай ўқув-курслари фойда келтиряпти ва Ислом Аҳмедов таъкидлаганидек, уларда ўзгаришлар сезиляпти. Ўз навбатида у ерда таҳсил олган мураббийлар ҳам катта тажриба тўплашаётганини айтишмоқда. Хўш, Аҳмедов айтган ўзгаришлар айнан нималарда мужассам бўлмоқда? Бу масала бўйича шундай деди:

- Ўзгаришлар асосан тактикаларда билиняпти. Қачон ва қаерда нимани ишлатиш керак? Буни мураббийлар билиши лозим. Майда деталларгача эътибор қаратиш лозим. Нафақат Про, балки «С» лицензиясидан бошлаб ўқиётган мураббийларда ўзгаришлар билиняпти. Уларга бир ҳафта давомида йўналиш берамиз ва бир ой давомида мураббийлар ўз иш жойида буни амалда қўллашади. Кейин ёнимизга қайтиб келишганидан сўнг уларни нима иш бажарганликларини кўраман. Олдинги йиллари 3-4 ҳафта давомида фақат маълумотлар берардик. Ҳозир эса мураббийлар 5-6 ойлаб ўқишяпти. Про лицензияси учун эса бир йил ўқишяпти. Тўғриси, бу умуман бошқа даражада. Мураббийларга қийин топшириқлар берилган. Энди улар 24 соат давомида иш билан машғул бўлишади. Бу профессионал мураббийнинг ҳаёти.

Ислом Исмоилович юртимиздаги барча мураббийларни ва уларнинг салоҳиятларини яхши билади. Қолаверса, ўзи таъкидлаётганидек, чиндан ҳам мураббийларимизда ҳам ўсиш кузатилмоқда. Ҳеч ким ҳамкасбидан ортда қолиб кетишни истамаяпти. Ҳамма ҳаракатда, изланишда. Аҳмедов эса қайси мутахассисни энг яхшиси деб ҳисоблайди?

- Кимнидир алоҳида ажратиб айтсам, бошқалар хафа бўлиши мумкин. Ҳозир мураббийларнинг ўсиш даври. Шу боис бундай пайтда кимнидир яхши ёки ўртача деб аташим яхши иш эмас. Муҳими, ҳамма ҳаракат қиляпти, ҳамма терлаб меҳнат қиляпти. Аниғи шуки, мураббийларнинг ўқишида модулдан модулга босимни ва талабни кучайтиряпмиз. Албатта, кўпи бундай пайтда қийналяпти. Лекин ҳамма ҳаракатда. Ҳозир ҳеч кимга енгил бўлмаяпти. Лекин вақти келиб бу қийинчиликларининг натижасини кўришади. Бизда ҳали бунақанги Про ўқиши бўлмаганди. Ҳозир мураббийларга асло енгил эмас, - дейди Ислом Аҳмедов.

Айни пайтда чемпионатимизда ёзи танаффус ҳукм суряпти. Бош мураббийлар эса ўқишни тугатиб, яна ўз жамоаларига қайтишди ва тайёргарлик қизғин палласига кирган. Мураббийларнинг малакалари ошиши эса чемпионат мавқеи ошишига ҳам хизмат қилса ажаб эмас.

- Ўйлайманки, иккинчи давра жуда қизиқарли бўлади, - дея гапини давом эттирди, Аҳмедов. - Ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, жамоаларимизда яхши савиядаги мураббийлар йиғилишган. Демак, рақобат ҳам, сифат ҳам кучаяди. Тўғриси, иккинчи даврани кутяпман. Ўтган кунларни эсламайман. Бугунги ва эртанги кун ҳақида гапирамиз.

Шундан сўнг мулоқотимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Куперга бориб тақалди. Катта тажрибага эга бўлган ва топ-савиядаги мутахассислар қаторига кирувчи Купер маҳаллий мураббийларимизга ўзининг билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиши борасида ҳам режалар борлиги айтилганди. Шунга асосан Ислом Аҳмедов уни мураббийларнинг ўқув-курсига чақиргани эслаб шундай деди:

- Ноябрь ойида мураббийларнинг ўқув-курсига Эктор Куперни чақирганман. Бир ярим соат давомида у билан суҳбат бўлган. Купер ҳақида видеоролик тайёрлагандим, буни кўриб у хурсанд бўлганди. Ўшанда жуда яхши суҳбат бўлганди. Купер ўз талабларини айтганди ва шунга асосан унинг талабларини мураббийларимизга тушунтиришга ҳаракат қиляпман. Купер миллий терма жамоамиз бош мураббийи. Биз ҳаммамиз эса миллий терма жамоамизнинг натижаси учун биргалашиб ишлашимиз керак. Буни ҳамма тушуниши лозим. У айтганидек, тўпсиз ўйин ва ҳимояда муаммоларимиз кўп. Олдин ҳам бу камчиликларни бартараф этишга урғу берардик. Энди бўлса Купер билан суҳбатдан кейин 100 фоиз камчиликларни ҳал қилишга эътибор беряпмиз.

Шу ўринда инструктор миллий терма жамоамиз ва Куперни қўллаб-қувватлаган ҳолда ишонч билдириш лозимлигини айтган ҳолда қуйидагиларни қўшимча қилди.  

- Эктор Куперга битта вазифа қўйилган. У ҳам бўлса терма жамоамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш. У бундан бошқа нарсани ўйламайди. Терма жамоамизни қандай ўйин, қанақа тактика билан олиб чиқади, бу унинг қарори. Биз эса Купернинг ишига аралашишимиз мумкин эмас. Раҳбарлар унга ишониб аниқ вазифани қўйишган. Биз эса уни қўллаб-қувватлаб ёрдам беришимиз лозим. Ниманидир нотўғри қиляпти деб айтиш яхши эмас. Мураббийни танлашди ва олиб келишди. Бўлди, энди у ишласин, биз эса қўллаб турамиз. Ҳар ўйиндан кейин эса ундай ёки бундай деб танқид қилиш нотўғри. Мураббийни танладикми, энди унга охиригача ишонч билдиришимиз керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
17/07/2019 09:04
Тӯғири айтибди
&
Фан
16/07/2019 19:00
Хурматли Ислом Исмоилович сунгги Куппер хакидаги фикрингизни СА журналисти гап укмас Бегамовга хам яхшилаб уктириб куйсангиз буларкан.
Бечора Купперни МТЖ да иш бошлаган илк кунлардан бошлаб танкид(утирса упок турса супок)килишни бошлаб халигача тухтай демайди-я ноинсоф.
&
Navbaxor 3392
16/07/2019 18:49
Murabbiylarni o'yinni sotmaslik bo'yicha ham o'qitiw kerak